Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

ШҲТ МАТТнинг "Терроризмга қарши кураш – чегара билмас ҳамкорлик" мавзусидаги еттинчи халқаро конференцияси

2019-11-08 | ШҲТ

Тошкентда 6-7 ноябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг (ШҲТ МАТТ) “Терроризмга қарши кураш – чегара билмас ҳамкорлик” мавзусидаги еттинчи халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Анжуманда ШҲТга аъзо давлатларнинг ваколатли органлари, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мамлакатлар, ШҲТ котибияти ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
 
Конференцияда халқаро террорчилик ташкилотлари туғдираётган замонавий таҳдид ва хатарларга қарши кураш борасидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, терроризм ва экстремизмга қарши кураш соҳасида илғор тажриба билан ўртоқлашилди. Халқаро терроризм ва экстремизм ҳар қандай шакл ва кўринишда тинчлик ва хавфсизликка таҳдид уйғотаётгани ҳақида якдил фикр билдирилди.
 
Халқаро террорчилик ташкилотларининг қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг янги турларини, геолокация ва йўлдошли алоқа воситаларини харид қилиш, террористик фаолиятни амалга ошириш учун учувчисиз бошқариладиган қурилмалар, сунъий интеллект технологиялари ва ахборот-коммуникация ютуқларидан фойдаланиш борасидаги уринишларига эътибор қаратилди.
 
“Ислом давлати” халқаро террорчилик ташкилоти тармоқларга ёйилиб ҳаракатланиш тамойилига ўтгани, бунинг оқибатида дунёнинг бир қатор ҳудудларида, биринчи навбатда, Яқин Шарқ ва Афғонистонда хавфсизлик соҳасидаги вазиятнинг кескинлашуви билан боғлиқ янги таҳдид ва хатарлар юзага келаётгани қайд этилди.
 
Афғонистон ҳудудида ўрнашиб олган халқаро террорчилик ташкилотлари вакиллари ШҲТга аъзо давлатлар чегараларига тобора яқинлашаётгани, шунингдек, ўзлари келиб чиққан мамлакатга қайтиб, “ухлаб ётган” хатарли нуқталарни қайта жонлантираётгани ташвиш уйғотмоқда.
 
Тадбирда бу каби хатарларни бартараф этиш мақсадида жангарилар оила аъзоларини келиб чиққан давлатига қайтариш ва реабилитация қилишни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
 
Ижтимоий ўзига хослиги боис мафкуравий таъсирга берилувчан ҳамда террорчилик ва экстремистик фаолиятга жалб қилишга мойил ёшларнинг радикаллашувига қарши кураш соҳасида тажриба алмашилди.
 
Мулоқот чоғида интернет тармоғидан террорчилик ва экстремистик мақсадларда фойдаланишга қарши кураш, ёт ғоялар тарқалишининг олдини олишда халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.
 
Ахборот алмашиш, терроризм хавфини аниқлаш, ўзаро келишилган тезкор амалиётлар кўламини кенгайтириш, чегара назоратини кучайтириш, аксилтеррор тузилмалар учун кадрлар тайёрлаш, ўқув машғулотларини ўтказиш, аксилтеррор ҳамкорликнинг халқаро ҳуқуқий-меъёрий асосларини такомиллаштириб бориш мақсадида ўзаро муносабатларни фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
 
Конференция мажлисларида терроризмни молиялаштириш манбаларини аниқлаш ва уни бартараф этиш бўйича хатти-ҳаракатларни ҳар томонлама мувофиқлаштириш зарурлиги қайд этилди. Халқаро террорчиларнинг трансмиллий уюшган жиноятчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳисобидан даромад олгани, молиявий маблағларни тўплаш учун "Western Union", "American Express", "PayPal", "Яндекс.Деньги", "VisaTransfer" каби электрон тўлов тизимларидан, шунингдек, краундфандинг онлайн платформаси ва "Хавала" норасмий ҳисоб-китоб тизимидан фойдаланганига эътибор қаратилди.
 
ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг амалий ҳамкорлик масалаларида илмий йўналишдаги шериклигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
 
Трансмиллий хусусиятга эга террорчилик хавфи ортиб бораётган бир шароитда ШҲТ МАТТ томонидан ўтказилаётган анъанавий анжуман халқаро мулоқот учун қулай платформага айланди.
 
Иштирокчиларнинг аксилтеррор фаолияти бўйича фикр-мулоҳаза ва тажриба алмашиши халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, терроризм ва экстремизмга қарши курашда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Бу эса терроризм хавфи ўсиб боришини ҳар томонлама холис баҳолаш, уларга ўз вақтида жавоб қайтариш ва олдини олиш чораларини кўриш имконини беради.
 
ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мамлакатларнинг халқаро терроризмга қарши кураш соҳасида мувофиқлаштирилган ёндашувларни шакллантириши янги таҳдид ва хавф-хатарларга муносиб жавоб қайтариш чораларини кўришга кўмаклашади.
 
Иштирокчилар анжуман юқори савияда ташкил этилганини қайд этиб, ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасига миннатдорлик билдирди.

Манба: ЎзА

Поделиться