Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Хитой мактабларда таълим сифатини ошириш мақсадида «Электрон таълим» лойиҳаларини амалга оширади
2019-11-04 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мамлакатдаги барча мактаб ўқувчиларининг юқори сифатли таълим олиши учун «Электрон таълим» лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда.
Ҳозирги кунда аксарият мактабларда юқори билимли ва малакали ўқитувчилар етишмаслигини ҳисобга олсак, замонавий ахборот технологияларини жорий этилиши ўқитувчи ва ўқувчиларнинг замонавий ўқув- методик материалларни олиш имкониятини тақдим этади.
Шу муносабати билан, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцяннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Халқ таълими вазирлиги Хитойнинг ZTE ва Huawei компаниялари билан “Халқ таълми тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш” лойиҳаларини амалга ошириш учун келишувларни имзолади.
Келишувлар доирасида хитойлик компаниялар ўз ҳисобларидан бир неча мактабларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича пилот лойиҳаларни амалга оширади. Лойиҳа натижаларига кўра, жорий этилган технологияларнинг таълим сифатини оширишдаги ва мактаб бошқарув тизимидаги самарадорлиги ўрганиб чиқилади.
Лойиҳалар ижобий натижа кўрсатса томонлар Хитой молия ташкилотларидан маблағ жалб қилган ҳолда ахборот технологияларини босқичма босқич жорий этиш масалаларини ўрганиб чиқади.
Пилот лойиҳалар доирасида томонлар компьютер хоналарини жиҳозлаш, видео кузатув тизимини, маълумот алмашиш тармоғи учун инфратузилма яратиш каби бошқа йўналишлар бўйича ҳам ҳамкорлик қилади. Синфларнинг мониторинг тизимини яратиш лойиҳанинг устувор йўналишларидан бири бўлади. Бу тизим мактаб хавфсизлигини таъминлаш билан бирга ўқувчиларнинг давомати ва ўқитувчиларнинг фаолиятини мониторинг қилиш имкониятини яратади. Шу билан бирга томонлар тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш масалаларига катта аҳамият беради.
Бундан ташкари, ўзбекистонлик мутахассислар Хитойнинг мактабларда замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича илғор тажрибасини ўрганишлари кутилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги