Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “INFOLIB UZBEKISTAN – 2019” VIII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бошланди.
Ҳафталик очилишига бағишланган тадбирда турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ахборот-кутубхона тизими мутасаддилари, талаба-ёшлар, ўқитувчилар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори ўринбосари Ғ.Бозоров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саййид, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари М.Мирзо, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Ф.Пашаев, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори У.Тешабоева китобхонлик ривожи йўлида кўрсатилаётган улкан эътибор ёшларнинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда китобхонликни ривожлантиришга, мутолаа маданиятини юксалтиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Кутубхоналар, ахборот-ресурс марказлари фаолиятини замон билан ҳамнафас тарзда йўлга қўйиш, уларнинг китоб захирасини бойитиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур ҳафталик ҳам Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида“ги, 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида“ги қарорлари ижросини таъминлаш, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ёшлар маънавиятини юксалтириш юзасидан илгари сурган бешта муҳим ташаббуси ижроси бўйича ташкил этилди.
– Китобнинг сеҳри, унинг жозибасини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди, – деди Жиззах шаҳридаги 19-умумтаълим мактаби кутубхоначиси Дилдора Тоштемирова. – Президентимизнинг китоб тарғиботини кучайтиришга оид ташаббуслари бизга янада кўпроқ илҳом бермоқда. Ўқувчиларнинг ўзи мутолаа қилган китобларини қайд этиш мақсадида махсус дафтар юритиши, ўзаро китоб алмашиш, уларнинг қандай адабиётларни кўпроқ ўқишига интилишини кузатиш юзасидан доимий иш олиб бормоқдамиз. Бундай ҳафталиклар кутубхона фаолиятига доир яхши тажрибаларни ўзлаштириш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
“INFOLIB UZBEKISTAN – 2019” ҳафталиги “Кутубхоначилик соҳасидаги ислоҳотлар – янги давр кутубхонаси“, “Мактаб ўқувчисининг ахборот маданияти“ мавзуларидаги анжуманлар, янги китоблар тақдимоти ва бошқа маърифий тадбирлар билан давом этмоқда.
Н.УСМОНОВА, ЎзА
Манба: ЎзА