Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
МДҲга аъзо мамлакатларнинг 2021-2030 йиллар учун Туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир стартегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди
2019-10-28 | Туризм
23-24 октябрь кунлари Минск (Беларусь)да Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитасида МДҲга аъзо мамлакатларнинг 2021-2030 йилларда Туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқишни тугатиш ҳамда уни мувофиқлаштириш бўйича эксперт гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Беларусь, Россия, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбойжон, Ўзбекистон ва МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этишди.
Мазкур лойиҳани ишлаб чиқиш ва МДҲ ҳукуматлари раҳбарлари кенгашига белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун киритишга доир қарор жорий йилнинг 9-10 июлида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ мамлакатларининг Туризм кенгаши йиғилишида қабул қилинган эди.
Ҳужжат Ҳамдўстлик доирасида туризм соҳасида амалга оширилаётган иккинчи Ҳамкорликни ривожлантириш стратегияси ҳисобланади. Амалдаги стратегия 2020 йилгача бўлган даврга мўлжалланган. Янги стратегияни ишлаб чиқишда туризм соҳасининг сўнгги долзарб тенденциялари инобатга олинди, шунингдек МДҲга аъзо мамлакатларда туризмни ривожлантириш билан боғлиқ вазият таҳлил қилиниб, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Тадбир доирасида таъкидланишича, Стратегия асосида “туризм нафақат энг истиқболли, иқтисодиётнинг динамик ривожланаётган секторигина бўлиб қолмай, балки халқаро ҳамкорликни фаоллаштирувчи, Ҳамдўстлик мамлакатлари халқлари ўртасидаги дўстлик ва маданий алмашинувни янада мустаҳкамловчи кучли омил эканлиги” ҳақидаги тасаввур ётади. Йиғилиш давомида МДҲ мамлакатлари экспертлари 2021-2030 йилларда Туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқишни тугатишди ҳамда давлатлардан келиб тушган таклифлар асосида ҳужжатни мувофиқлаштиришди. Ҳужжатни МДҲ ҳукуматлари раҳбарлари кенгашига белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун киритишга қарор қилинди. Экспертлар учрашувидаги барча материаллар давлатлар ичида мувофиқлаштириш учун МДҲ мамлакатларига йўлланади. Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 9 июлидан эътиборан Ўзбекистон Республикаси МДҲ мамлакатларининг Туризм кенгашига раислик қилиб келмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги