Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси делегацияси Осакадаги анжуманда қатнашди
2019-10-28 | Туризм
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 24 октябрда старт олган «Tourism Expo Japan 2019» халқаро туристик ярмаркасида иштирок этиш учун Япониянинг Осака шаҳрида бўлиб турибди.
Қўмита делегацияси раҳбари халқаро кўргазма доирасида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) қўллаб-қувватлаши остида ташкил этилган III Вазирликлар конференциясида қатнашди. Анжуман “Ҳамжамият фаоллашуви: одамлар ва маданият” шиори остида ўтди. 23 мамлакат делегатлари, жумладан халқаро ташкилотлар (UNWTO, WТТС, РАТА) раҳбарлари барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ҳамжамиятнинг самарали ривожланишига оид фикрлар билан алмашишди. Анжуманда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида амалга оширилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда, халқнинг фаровонлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш ва туризм билан боғлиқ бошқа соҳаларнинг ривожланишига ёрдам беришга йўналтирилгани таъкидланди. Ушбу контекстда Ҳукумат томонидан ҳунармандчилик, ипакчилик, гиламчилик, қандолатчилик ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани маълум қилинди.
Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар кутилган натижаларни бераётгани, мамлакатимизга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳлар сони 2018 йил якунлари бўйича 2,4 миллиондан 5,4 миллионга ошиши ҳам шундан далолат бераётгани қайд этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг туризм сиёсати шунингдек соҳани ривожлантиришга йўналтирилган инфратузилмаларни яратиш, қадимий тарихий обидаларни сақлаб қолишга қаратилгани таъкидланди. Бугунги кунда тарихий ёдгорликлар ҳамда маданий мерос объектларини сақлаш ва оммалаштириш учун инфратузилма яратишда ЮНЕСКО ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, статистик маълумотларга кўра, 2018 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга келаётган япониялик сайёҳлар сони 13124 нафарни ташкил этган бўлса, 2019 йилнлинг шу даврида юртимизга ташриф буюрувчи хорижликлар сони 18577 нафарга ошган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги