Мамлакатимизга ташриф буюрган Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Вакиллар палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ҳамроҳлигида 8 октябрь куни Самарқандга келди.
Тожикистон парламенти вакиллари дастлаб Ислом Каримов мақбара-мажмуасини зиёрат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг хотирасини ёдга олди.
Шундан сўнг Имом Бухорий мажмуаси ва халқаро илмий-тадқиқот марказига саёҳат уюштирилди. Меҳмонларга мазкур объектларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Марказ музейи билан танишув ва илмий ходимлар билан суҳбат чоғида ўзаро ишончга асосланган олий даражадаги мунтазам мулоқотлар икки томонлама ҳамкорликни юксак поғонага кўтаришга хизмат қилаётгани, Тожикистон парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшнилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин далили экани таъкидланди.
Шукуржон Зуҳуров марказда яратилган шароитларга юксак баҳо бериб, илмий ходимларга муваффақиятлар тилади.
Делегация аъзолари Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбараси, Регистон мажмуаси ва бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар билан ҳам яқиндан танишди.
– Самарқанд бой тарих ва маданиятга эга шаҳар, – деди Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Вакиллар палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров. – Бу ерда дунёга машҳур буюк алломалар яшаб ўтган ва ҳозир ҳам улар номи билан боғлиқ масканлар кўп. Шунинг учун Самарқанднинг туристик салоҳияти юқори ва бизнинг мамлакатимизда ҳам бу қадимий шаҳарга саёҳатга келишни истовчилар бисёр. Айниқса, ёшларимиз Самарқанд, Бухоро сингари тарихий шаҳарларни келиб кўришни орзу қилади. Кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракати билан мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб, янги босқичда давом этаётгани бу борада ўзбек ва тожик халқларига кенг имконият яратди. Ўзим ҳам Самарқандга кўп йиллар олдин келгандим ва шаҳарнинг бугунги кўриниши аввалгидан тубдан фарқ қилиши, яна ҳам гўзал ва мафтункор бўлганини кўрдим.
Меҳмонлар шу куни Самарқанддан Тожикистонга жўнаб кетди.
Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА
Манба: ЎзА