Корея Республикасининг савдо, саноат ва энергетика вазири ўринбосари Ким Ёнг Рэ ва Корея импортчилари ассоциацияси раиси Хонг Кванг-хи бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Тошкентда 25 сентябрь куни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини Корея бозорларига экспорт қилишни янада такомиллаштиришга доир масалалалар муҳокамасига бағишланган Ўзбекистон – Корея бизнес форуми ва кооперацион биржаси ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, маҳаллий компаниялар вакиллари, шунингдек, Кореянинг қурилиш, соғлиқни сақлаш, туризм каби соҳаларда фаолият олиб бораётган 10 дан зиёд етакчи компаниялари мутасаддилари иштирок этди.
Фоурм очилишида Ўзбекистонда иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори баҳоланди. Корея Ўзбекистон билан кенг кўламли экспорт-импорт жараёнларини кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланди.
– Ташриф доирасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик соҳаларини кенгайтириш мақсадида маҳаллий ишбилармон доира вакиллари билан музокаралар олиб боришни режалаштирганмиз, – деди Хонг Кванг-хи. – Бугунги форум мазкур масалаларни муҳокама қилиш учун қулай платформадир. Бу каби учршувлар савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон билан Корея ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлар жадал ривожланмоқда. Бунда икки мамлакат ўртасида турли даражадаги ташрифлар фаоллашиб бораётгани муҳим ўрин тутмоқда.
Ташкил этилаётган бизнес-форум ва кооперацион биржаларда иқтисодий ҳамкорликни янги лойиҳалар, шартнома ва битимлар ҳисобига бойитиш имкони туғилмоқда. 2019 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон билан Корея ўртасида ўзаро товар айланмаси ҳажми 913 миллион доллардан зиёдни ташкил қилди.
Тадбирда бу каби кўрсаткичлар икки мамлакат салоҳиятини тўлиқ акс эттирмаслиги қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажмини ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Корея импортчилари ассоциацияси электрон маълумотлар базаси имкониятлари, Кореяга экспорт қилиш қоидалари ҳақида тақдимотлар намойиш этилди. Ўз навбатида, кореялик иштирокчиларга мамлакатимиз инвестиция ва экспорт салоҳияти, маҳаллий экспортчи компаниялар имкониятлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Тадбир якунида томонлар электрон савдо майдончасини ташкил этиш бўйича келишувга эришди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан Корея импортчилари ассоциацияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Куннинг иккинчи ярмида делегация аъзолари рақамли соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича Ўзбекистон – Корея ҳамкорлиги форумида қатнашди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил ноябрь ойида Корея Республикасига амалга оширган ташрифи доирасида кўплаб соҳалар қатори соғлиқни сақлаш йўналиши бўйича ҳам келишувларга эришилганди. Бугунги кунда ушбу келишувлар ижроси доирасида Фарғона шаҳрида рентген ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича янги корхона иш бошлади. Бухоро шаҳрида Корея клиникасини ташкил этиш ишлари якунланди. Кореянинг Сеул, Инҳа университетлари каби қатор олий таълим муассасаларининг тиббиётга доир дастурлари ишга туширилди. Тошкент шаҳрида Кореянинг кўп тармоқли болалар клиникасини бунёд этиш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, Корея тажрибасидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистонда рақамли тиббиётни ривожлантириш ишлари амалга оширилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, Корея Республикаси соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлигининг глобал соғлиқни сақлаш бўйича бош директори Ким Хесеон рақамли тиббиёт соҳасида Жанубий Корея имкониятлари ва Ўзбекистоннинг ушбу йўналишга катта қизиқиши томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш баробарида аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Форум сессияларида рақамли соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича Корея тажрибаси, ўзаро ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон билан Корея ўртасида электрон соғлиқни сақлаш бўйича ҳаракатлар режаси тасдиқланди.
Шу куни Корея Республикаси Президентининг жорий йил апрель ойида мамлакатимизга ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни рўёбга чиқариш бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги мажлиси ўтказилди.
Мажлисга Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Лазиз Қудратов ҳамда Корея Республикасининг савдо, саноат ва энергетика вазири ўринбосари Ким Ёнг Рэ ҳамраислик қилди.
Унда ишчи гуруҳнинг 2019 йил июнь ойида Сеулда ўтган мажлиси натижалари, инвестиция соҳасида ўзаро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва устувор йўналишлари таҳлил қилинди.
Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, Корея молия институтлари билан ҳамкорлик дастурини амалга ошириш, "Ангрен” эркин иқтисодий зонасида Кореянинг "Инчхон" эркин иқтисодий зонаси филиалини ташкил этиш имкониятлари, эркин савдо майдончасини яратиш лойиҳалари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва рақамли тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Малоҳат ҲУСАНОВА, ЎзА
Манба: ЎзА