Тошкентда 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши аппарати ва Ҳиндистон Республикаси Миллий хавфсизлик кенгаши ўртасида маслаҳатлашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби В.Махмудов ва Ҳиндистон Бош вазири маслаҳатчисининг миллий хавфсизлик бўйича ўринбосари П.Саран раислигида ўтган мажлисда кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли стратегик шериклик юқори даражага кўтарилгани алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор қўйилди. Бу ҳар икки томонга халқаро миқёсдаги умумий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда яқиндан ҳамкорлик қилиш имконини бермоқда.
Мулоқотда томонлар минтақавий хавфсизликка нисбатан халқаро терроризм ва экстремизм, сепаратизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва бошқа хатарлар натижасида юзага келаётган, борган сари ўсиб бораётган таҳдидларга қарши биргаликда ҳаракатланиш бўйича икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори эканини тасдиқлади.
Маслаҳатлашувнинг Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари минтақавий хавфсизлиги, тинчлиги, барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди.
Тадбирда ахборот хавфсизлиги, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси ва одам савдоси соҳасидаги трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши биргаликда курашишнинг амалий механизмларини такомилаштириш, Афғонистонда юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, Марказий ва Жанубий Осиёда хавфсизликни таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни такомилаштириш юзасидан тавсиялар ишлиб чиқилди. Ўзаро муносабатларни ривожлантиришда эришилган юқори суръатни сақлаш ва фойдаланилмаган имкониятлар ҳисобига ҳамкорликни янада жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши аппарати ва Ҳиндистон Республикаси Миллий хавфсизлик кенгаши ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни назарда тутувчи икки томонлама маслаҳатлашув протоколи имзоланди.
Ғ.ХОННАЗАРОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА