Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Нью-Йорк шаҳрида “C5+1” шаклидаги учрашув тўғрисида
2019-09-24 | Сиёсат
2019 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг “C5+1” шаклидаги навбатдаги учрашувида иштирок этди.
Учрашувда, шунингдек, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазирлари Мухтор Тлеуберди, Чингиз Айдарбеков, Сирожидин Мухриддин, Туркманистоннинг АҚШдаги Элчиси Ораз Мередов ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео иштирок этди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари турли соҳаларда кўп томонлама алоқаларни ривожлантириш истиқболлари, ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар.
Тадбир давомида, хусусан, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, чегараларни ҳимоя қилиш ва чегаралараро алоқаларни рағбатлантириш, шунингдек, Марказий Осиёда савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари томонидан янги шериклик муҳитини, минтақавий барқарорлик ва мустаҳкам иқтисодий ривожланишни таъминлашда ҳамкорликни кучайтиришга ўзаро интилиш мамнуният билан қайд этилди.
АҚШ ҳар бир мамлакатнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, шунингдек, кучли, фаровон ва барқарор минтақани қўллаб қувватлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
Шунингдек, Марказий Осиёда иқтисодий ривожланиш, савдо ва инвестиция алоқаларини илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашдан АҚШ томони манфаатдорлиги қайд этилди. Хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида АҚШ молия институтлари, жумладан яқинда ташкил этилган буджети 60 миллиард доллар бўлган Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (USIDFC) ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари таъкидланди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз нутқида мамлакатимиз ““C5+1” доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни илгари суришда фаол тарафдор бўлиб қолишини қайд этди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон инфратузилма, транспорт, коммуникация, маданий-гуманитар, илм-таълим соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантириш муҳим деб ҳисоблайди ва Орол фожияси оқибатларини бартараф этишда ёрдам жалб этишдан манфаатдорлигини изҳор этади.
Шу билан бирга, “ер устидаги кўприк" бўлиши мумкин бўлган Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол жалб қилинишига алоҳида эътибор берилади. Шунингдек, мамлакатимиз АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим (TIFA) кенгашининг шу йил октябрь ойида Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги мажлисида Афғонистонга TIFA тўла қонли аъзоси мақомини беришни қўллаб-қувватлайди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
““C5+1” учрашуви доирасида Ўзбекистон ТИВ раҳбари ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео ўртасида қисқа суҳбат бўлиб ўтди. Ўзбекистон-АҚШ кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги