Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Дўстлигимиз, аҳиллигимиз рамзи

2019-09-19 | Маданият

Ўзбекистонда Татаристон Республикаси маданияти кунлари доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида икки халқ санъати усталарининг концерт дастури бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда Татаристон Республикаси маданияти кунларининг тантанали очилишига старт берган ушбу файзли оқшомга турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари, миллий маданият марказларининг вакиллари таклиф этилди.

Кечада таъкидланганидек, ўзбек ва татар халқлари азалдан умумий тарих, анъана ва миллий урф-одатларининг ўхшашлиги билан диққатга сазовор. Бу эса асрлар давомида яқин маданий мулоқотларни олиб боришга, уни янада кенгайтиришга, ютуқларни биргаликда баҳам кўришга имкон берди. Бу анъаналар бугун ҳам давом этмоқда. Ўзбекистонда Татаристон Республикаси маданияти кунларининг ўтказилиши ҳамкорликнинг янги босқичдаги амалий тимсолига айланди.

Жонажон Ўзбекистонимизда кўплаб миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила фарзандларидек истиқомат этиб келаётгани мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида олиб борилаётган оқилона ва узоқни кўзловчи сиёсатнинг амалдаги ёрқин ифодасидир. Улар орасида татар миллати вакиллари ҳам шу табаррук замин, унинг равнақи, халқ фаровонлиги, порлоқ истиқболи йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Ўзбекистонда фан, сиёсат, иқтисодиёт, маданият ва санъат соҳаси ривожи йўлида меҳнат қилган Рим Гиниатуллин, Галия Измайлова, Чингиз Ахмаров ва бошқалар катта ҳурмат билан тилга олинадилар.

1990 йилда пойтахтда республиканинг энг фаол миллий маданий марказларидан бири бўлган Татар ижтимоий маданий-маърифий маркази ташкил этилди. Ушбу марказ томонидан турли байрамлар ўтказилиб, уларга кенг жамоатчилик жалб қилинади. Вилоятларда татар халқининг тили, маданияти ва урф-одатларини сақлашда фаол иштирок этадиган яна саккизта татар жамоат бирлашмаси самарали фаолият кўрсатмоқда.

Бугун мамлакатимизда дунёнинг барча давлатлари билан кўп томонлама ҳамкорлик қилиш учун барча шароит яратилган. Ўзбекистон ва Татаристон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойиллари асосида ривожланиб бормоқда. Бундай маданий тадбирларни ўтказиш яхши анъанага айланган. Мазкур маданий-маърифий лойиҳалар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлайди.

Самарқанд шаҳридаги "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали, Термиздаги Бахшичилик санъати халқаро фестивали, Шаҳрисабздаги Мақом халқаро анжумани ва яқинда Қўқонда бўлиб ўтган ҳунармандчилик халқаро фестивалида Россия, хусусан, Татаристондан мусиқачилар иштирок этдилар. Шунингдек, ўтган йил сентябрь ойида Галиасгар Камал номидаги Татар давлат академик театрининг Тошкент шаҳридаги гастроль сафари муваффақиятли ўтди.

...Муҳташам саҳнада жўшқин куй-қўшиқлар янграйди. Дўстликни, меҳр ва садоқатни, аҳилликни тараннум этувчи мусиқий асарлар икки қардош халқнинг мақсад-муддаолари, орзу-интилишлари ягона эканига ўзига хос ишорадек. Концерт дастури санъат мухлисларига ғоят манзур бўлди. Дилрабо мусиқий дастур билан бошланган Ўзбекистонда Татаристон Республикаси маданияти кунлари доирасида спектакллар намойиши, концертлар, маърифий учрашувлар, ижодкорларнинг мулоқотлари, давра суҳбатлари, кўргазмалар ўтказилиши кўзда тутилган.

Театр фойесида бадиий-амалий санъат кўргазмаси, расмлар, шоир ва ёзувчиларнинг китоблари тақдимоти, санъаткорлар билан ижодий учрашувлар ташкиллаштирилди.

 

Назокат УСМОНОВА, Оқил ҒУЛОМОВ олган суратлар, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться