Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат Думаси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди
2019-09-17 | Сиёсат
2019 йил 16 сентябрь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг Россия Федерацияси Федерал мажлиси Давлат Думаси Раиси Вячеслав Володин бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда икки мамлакат парламентлараро алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путиннинг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон-Россия стратегик ва иттифоқчилик шериклиги янги босқичга кўтарилди. Икки томонлама сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар муносабатлар узлуксиз ривожланиб бормоқда. Бу икки давлат манфаатларига тўлиқ жавоб беради, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Россия парламенти қуйи палатаси раисининг ташрифи икки мамлакат ўртасидаги фаол парламентлараро мулоқотнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Жумладан, жорий йилда юксак парламент даражасида қатор ташрифлар амалга оширилди. Икки томонлама ҳамкорлик бўйича парламент гуруҳи йўналишида алоқалар мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистон Республикасининг парламент делегациялари, шу жумладан сенаторлар Давлат Думаси томонидан ташкил этиладиган халқаро тадбирларда мунтазам иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, октябрь ойининг илк кунларида Россия Федерацияси Федерал мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенконинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда.
Томонлар МДҲ Парламентлараро ассамблеяси, Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси каби халқаро парламентлараро тузилмалар доирасида бундан буён ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр эканига урғу берди.
Учрашув давомида ўзаро манфаатли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати