Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Хитой: парламентлараро алоқаларнинг муҳим босқичи
2019-09-12 | Сиёсат
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ҳамкорлиги турли йўналишларни қамраб олган ҳолда жадал ривожланмоқда. Айниқса, икки мамлакат парламентлараро алоқаларининг мустаҳкамланиши муносабатлар доирасининг янада кенгайишида муҳим асослардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
2019 йил 11 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ХХР Халқ вакиллари Бутунхитой мажлиси қишлоқ ҳўжалиги ва қишлоқларда ишлаш бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Ли Чуньшэн бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида меҳмонларга парламент қуйи палатаси фаолияти, қонунчилик соҳасидаги янгиликлар тўғрисида ахборот берилди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакиллари турли даражадаги халқаро семинарлар, форумлар ва йиғилишларда иштирок этиш учун ХХРга бир неча бор ташриф буюргани, ўз навбатида, мазкур мамлакат парламентарийлари ҳам юртимизда бўлгани таъкидлаб ўтилди.
Мулоқотда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ амалга оширилаётган кенг кўламли сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, давлат ва ҳудудий дастурлар ҳамда улар бераётган самаралар хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, юртимизда давлат қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, очиқ ва дўстона ташқи сиёсатни олиб боришнинг устувор йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотлар беш йиллик кенг қамровли Ҳаракатлар стратегиясининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Ли Чуньшэн самимий учрашув учун миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йилнинг 24-27 апрель кунлари Хитойга қилган ташрифи икки мамлакат муносабатларига янги мазмун-моҳият, рағбат берганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга муваффақиятли татбиқ этаётганини билдирди.
Суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда ишончли муҳитни яратилишга қаратилган парламентлараро алоқаларни янада яхшилаш, сиёсий мулоқотлар мунтазамлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Жумладан, аграр соҳадаги қонун ижодкорлиги жараёни юзасидан ўзаро тажриба алмашиш, бугунги кунда икки мамлакатнинг мазкур жабҳада қўлга киритган ютуқлари, қишлоқ хўжалигида амалиётга жорий этилаётган инновацион илғор усуллар билан ўзаро ўртоқлашиш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Шунингдек, мулоқотда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар ўзларини қизиқтирган муҳим масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси