Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шарқ халқлари анъанавий мусиқаси – бебаҳо маънавий мерос
2019-08-29 | Маданият
Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали доирасида “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали кунлари анъанавий тарзда ўтказиладиган илмий анжуманлар Шарқ халқлари мусиқа санъати тарихи, ўзига хос анъаналари ва бугунги истиқболларини ўрганиш, тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Бу галги конференцияда Шарқ мусиқасининг шаклланиши ва ривожланиши билан боғлиқ долзарб муаммолар, “устоз-шогирд” анъаналари, қадимий мусиқа санъатини авайлаб-асраш масалалари муҳокама қилинди.
Унда АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Корея, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Эрон, Афғонистон, Франция, Норвегия, Молдова давлатлари ҳамда юртимиздан 30 га яқин санъатшунос ва тарихчи олимлар, бастакорлар, иштирок этди.
Икки кун давом этган конференциянинг “Тарих ва мерос”, деб номланган дастлабки мажлисида дунё санъатшунослиги ва мусиқа маданияти анъаналарини ўрганишда муносиб ўрнига эга бўлган машҳур тадқиқотчилар – америкалик Жонатан Макколлум, норвегиялик Дэвид Хеберт, ҳиндистонлик Шабир Аҳмад, Буюк британиялик юртдошимиз Разия Султанова ва бошқаларнинг маърузалари тингланди. Мавзу юзасидан бир қатор тақдимотлар ўтказилди.
– “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали доирасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган бу каби конференциялар миллий мусиқа санъатимиз тарихини ўрганиш, ушбу йўналишда илмий-тадқиқот ишлари олиб бораётган маҳаллий ва хорижлик олимлар билан ўзаро фикр, тажриба алмашиш учун қулай имконият, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Рустамбек Абдуллаев. – Бу йилги конференция мавзуси – Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатининг тарихи, бугунги куни ва келгуси истиқболлари бўйича юртимизда ҳам, хорижда ҳам кўплаб тадқиқотлар олиб борилган. Анжуманда айнан ана шу илмий-ижодий изланишлар муаллифлари, ёш тадқиқотчилар иштирок этиб, фикрларини баён этди. Албатта, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилган ҳолда конференциянинг хулосалари ишлаб чиқилади ва бу мусиқа санъатимиз тарихини ўрганиш ва ривожлантиришга хизмат қилади.
Конференциянинг иккинчи куни “Назария ва амалиёт”, деб номланган мажлис билан давом этди. Унда мамлакатимиз ва хориждан келган санъатшунос олимлар ва тадқиқотчиларнинг маърузалари тингланди.
Хусусан, молдавалик Федор Занетнинг гагауз халқининг миллий байрамлари ва ёмғир чақириш маросимларида ижро этиладиган қўшиқлар, америкалик олим Конни Заонинг мўғулларнинг чўл қўшиқлари, қозоғистонлик Айгуль Байбекнинг қозоқ анъанавий ижрочилиги ва миллий мусиқа асбоблари ҳақидаги чиқишлари қатнашчиларга манзур бўлди.
Шунингдек, ўзбекистонлик олимларнинг ўзбек анъанавий мусиқаси ривожланиш босқичлари, Ҳусайний мақом йўлларининг ўзига хослиги, Бухоро шашмақоми тўғрисидаги илмий қарашлари ҳам катта қизиқиш билан қабул қилинди.
– Конференцияда ўзбекистонлик ва хорижлик олимлар мавзу юзасидан долзарб чиқишлар қилди, – дейди Тожикистон Фанлар академияси санъатшунослик бўлими бошлиғи, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Аслиддин Низомов. – Қизғин баҳс-мунозаралар бўлди. Бугунги глобаллашув даврида анъанавий мусиқага алоҳида эътибор қаратилаётгани жуда қувонарли. Зотан, барчамиз аждодларимиздан мерос қолган мусиқа ва қўшиқчилик анъаналарини асрашимиз, уларни давом эттиришимиз керак. Бу санъатда миллий руҳ бор ва у инсонга ўзгача ғурур, шижоат бағишлайди. Агар биз ҳозир миллий мусиқа маданиятимиз, анъаналаримиз ҳақида ўйламасак, эртага кеч бўлиши мумкин. Умуман, ҳар бир халқ мусиқа ва қўшиқчилик санъатида, аввало, анъанавий ижрочиликка эътибор қаратиши лозим.
Конференция якунида янги адабиёт тақдимотлари ўтказилди ва анжуман декларацияси қабул қилинди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА