Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Медиа-тур иштирокчилари сув хўжалиги ходимлари учун ўтказилаётган тренингларни кузатишди
2019-08-22 | Жамият
Бир гуруҳ республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Сурхондарё вилоятидаги сув хўжалиги объектларига уюштирилаётган медиа-тур давом этмоқда.
21 август куни медиа-тур иштирокчилари Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида бўлишди. Бошқармада “Техник салоҳиятни мустаҳкамлаш” 2-компонент доирасида БМТ Тараққиёт Дастури томонидан тўртта йўналиш бўйича тренинглар ўтказилмоқда. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, насос станциялари, йирик сув омборлари ва гидроиншоотлардан самарали фойдаланиш, сув ресурсларини барқарор бошқариш бўйича ўқув машғулотларида вилоятдаги сув хўжалиги мутахассислари ва раҳбар ходимлари иштирок этишмоқда. Машғулотларни Сув хўжалиги вазирлиги вакиллари ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессор-ўқитувчилари олиб боришяпти.
ОАВ вакиллари Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси фаолияти билан танишишди, тренинг жараёнларини кузатиб, иштирокчилар билан мулоқот қилишди.
Тўртта йўналиш бўйича машғулотлар ҳам қизғин ва самарали кечмоқда, – дейди Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Тўлқин Алимов. – Мутахассисларимиз соҳага доир билимларини мустаҳкамламоқда, янгиликлардан хабардор бўлишаяпти. Сувдан самарали фойдаланиш, суғориш маданиятини юксалтириш, тежамкор суғориш технологияларини амалиётга кенг жорий этиш долзарб бўлиб турган ҳозирги шароитда бу каби машғулотлар ўз самарасини бериши шубҳасиз
Эслатиб ўтамиз, медиа-тур Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастурининг БМТ Тараққиёт Дастури ва Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали томонидан амалга оширилаётан 2- ва 3-компонентлари доирасида уюштирилмоқда.
Сув хўжалиги вазирлиги “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастурининг миллий ҳамкори ҳисобланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги