Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди
2019-08-22 | Туризм
20 август куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га қўшилишга доир муҳокамалар жараёни ва спецификасига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда халқаро консультантлар билан бир қаторда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ЖСТ масалалари бўйича маслаҳатчиси Йован Йекич ҳам иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, Йован Йекич 35 йилдан зиёд вақт давомида халқаро тажриба ҳуқуқи, интеллектуал мулк, божхона қоидалари ва жараёнлар ҳимояси, савдо ва инвестиция сиёсатини ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида фаолият юритади.
Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёнлари муносабати билан катта таҳлилий ва ташкилий ишлар олиб борилмоқда, шунингдек “Йўл харитаси” тасдиқланмоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳам ушбу жараёнга жалб қилинган бўлиб, Ўзбекистон ЖСТга қўшилганидан кейин туризм ва хизматлар соҳасини тартибга солиш бўйича муайян мажбуриятлар қабул қилиниши мумкин. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг туризм соҳасини тўғридан-тўғри ёки қисман тартибга солувчи миллий қонунчилигини мослаштиришга доир ишлар ҳам олиб борилмоқда.
Учрашув конструктив руҳда ўтиб, унда Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши билан боғлиқ жараёнлар, кенг кўламли масала ва муаммолар муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги