Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Рязандаги Қадимий шаҳарлар халқаро форумида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди

2019-08-19 | Туризм

14-18 август куни Рязанда (Россия) Қадимий шаҳарлар II Халқаро форумида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг туристик салоҳияти намойиш этилди.

Форум 500 йилдан ортиқ ўтмишга эга қадимий шаҳарларнинг ноёб маданияти ва тарихини намойиш этиш мақсадида 2018 йилдан бери анъанавий равишда ўтказилиб келинмоқда. Халқаро форумда 32 мамлакатдан 54 шаҳар вакиллари иштирок этишди. Кенг кўламли тадбир дастуридан турли кўргазмалар, ярмаркалар, илмий-амалий конференциялар, давра суҳбатлари, спектакллар ва концертлар ўрин олган.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари, шунингдек, “Рязандаги «Алмаз» маҳаллий ўзбек миллий-маданий автономияси” ва РФда истиқомат қилувчи ватандошларимиз форум дастурилари доирасида ташкил этилган тадбирларда иштирок этишди.

Форумнинг биринчи кунида Рязань вилоятининг Горький номидаги кутубхонасида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат» майдончаси барпо этилди: Тошкент Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг сайёҳлик салоҳияти ифодаланган кўргазмалар, «Ўзбекистонда Есенин изларидан» фотокўргазмаси ҳамда Бухорода анъанавий тарзда ташкил этилиб келинаётган «Ипак ва зираворлар»  халқаро фестивалида намойиш этиладиган ўзбек халқ амалий санъати буюмлари ярмаркасининг фотолавҳалари мамлакатимиз миллий стендидан ўрин олди. Шунингдек, майдончада тадбир меҳмонлари учун ўзбек диаспорасининг ижодий жамоалари вакилларининг чиқишлари намойиш этилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг кўргазмадаги иштироки тадбир қатнашчилари ва меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди ҳамда у етакчи федерал ва  ҳудудий ОАВ вакиллари томонидан кенг ёритилди.

Бундан ташқари, форум доирасида Рязань мусиқали театри саҳнасида 17 август куни Бухоро вилоят мусиқали драма театрининг «Бухороча тўй» спектакли намойиш этилди, спектаклдан сўнг кўплаб томошабинлар Ўзбекистонга ташриф буюриш истагини билдиришди. Шунингдек, театр биносида спектакль намойиши билан бир вақтда мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг ҳунармандчилик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди ва меҳмонларга юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида маълумот берувчи тарқатма материаллар (қўлланмалар, журналлар, туристик хариталар) тақдим этилди.

Қадимий шаҳарлар уюшмаси йиғилишида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари мамлакатнинг бой маданий меросини акс эттирувчи, хусусан, Самарқанд ва Бухоронинг сайёҳлик салоҳиятини очиб берувчи видеороликларни намойиш этишди. Шунингдек,  тадбирда маданий-тарихий мерос ёдгорликларини асраб-авайлаш, бу соҳада жаҳон ҳамжамиятининг инновацион ёндашувларига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, форум доирасида Ўзбекистон ва Россия сайёҳлик ташкилотлари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди, унда ўзаро ҳамкорлик ва рус сайёҳларини мамлакатимизга жалб қилиш бўйича келишувларга эришилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш ва соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшаётган барча юртдошларимизга ўз миннатдорчилигини билдиради.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Поделиться