Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда Гастрономик туризм ассоциацияси очилди
2019-08-07 | Туризм
6 август куни Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси анжуманлар залида тегишли идоралар ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида Гастронмик туризм ассоциациясининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда йиғилганларга ассоциациянинг мақсади, фаолияти ва аъзолик шартлари бўйича тақдимот ташкил қилинди.
Ассоциация фаолиятини йўлга қўйишдан мақсад гастрономик туризм йўналишида турли тадбирлар, жумладан кўргазма, фестиваль, форум, семинар, илмий анжуман, давра суҳбати, танлов ва шу каби бошқа тадбирларни ташкил этиш, ассоциация қошида халқаро грантлар ҳомийлигида ўзбек миллий кулинарияси тарихи, бугуни ва келажаги бўйича гастрономик туризм тарқаққиёти учун хизмат қилувчи турли лойиҳаларни амалга оширишдан иборатдир.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, Ассоциация Ўзбекистонда сайёҳлик мавсумини узайтириш мақсадида ҳар йилнинг ноябрь ойида мунтазам равишда “Лаззатли Ўзбекистон” халқаро миллий таомлар фестивалига мезбонлик қилади, фестивалга халқаро туристик агентликларини мунтазам жалб этиб боради ва тадбир доирасида Ўзбекистон бўйлаб ҳудудий гастрономик турларни ташкил этади. Шунингдек, Ассоциацияга аъзо ресторанлар ва уларнинг ҳодимлари орасида “Хорижликлар эътирофига сазовор бўлган йилнинг энг яхши ресторани, “Йил официанти”, “Йил ресторан менежери”, “Йил бош ошпази” номинациялари бўйича тақдирлаш маросимлари ўтказилади.
«Ўзбек таомлари хорижий сайёҳларни жалб қилувчи асосий омиллардан биридир. Гастрономик ассоциация фаолиятининг йўлга қўйилиши Ўзбекистоннинг гастрономик брендларини яратиш ва оммалаштиришни ҳам кўзда тутади», – дейди Ассоциация раиси Гулноза Одилова. Унинг сўзларига кўра, ўзбек ошхонаси, миллий таомлар тақдимоти ва уларнинг тарихини хорижий сайёҳларга комплекс таништирадиган “Ўзбек миллий гастрономияси музейи” ташкил этилади.
Халқаро туристик агентликларни музей фаолияти билан яқиндан таништирувчи халқаро-илмий амалий анжуманлар ўтказилади. Очилиш маросими доирасида Ассоциация томонидан юртимизда фаолият олиб бораётган ресторан, кафе, умумий овқатланиш жойлари ва уларнинг ходимларига яратиладиган қулайликлар ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбир сўнгида маҳоратли ошпазлар томонидан миллий таомларни тайёрлаш ва уларни дид билан безатиш бўйича маҳорат дарслари бўлиб ўтди ҳамда меҳмонлар уларнинг мазасига баҳо беришди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги