Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Истанбулда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Савдо-саноат палатаси Ижроия қўмитасининг 26-мажлиси якунланди
2019-08-05 | Иқтисодиёт
Истанбул шаҳрида Туркия Савдо-саноат палаталари ва товар биржалари Иттифоқи биносида 27–30 июль кунлари Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Савдо-саноат палатаси Ижроия қўмитасининг 26-мажлиси ва Бош Ассамблеясининг 17-мажлиси бўлиб ўтди.
Унда ташкилотга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Афғонистон, Озарбайжон, Эрон, Покистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон Савдо-саноат палаталари вакиллари, туризм, транспорт, савдо, саноат, инвестиция соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралар, ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.
Учрашув Туркия Республикаси раислигида ташкил этилди. Унда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Савдо-саноат палатаси президенти А.Ҳофизий, Туркия Савдо-саноат палаталари ва товар биржалари Иттифоқи президенти Р.Хисарчиклиоглу, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Х.Сулейманпур, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Б.Амраев қатнашди.
Савдо-саноат палаталари мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим роль ўйнайди ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш локомативи ҳисобланади. Бу борада ИҲТ Савдо-саноат палатаси майдони ИҲТ аъзоси бўлган мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг самарали механизми вазифасини бажаради.
Уч кун давом этган тадбирда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Савдо-саноат палатасининг Тадбиркор аёллар, Туризм, Транспорт, Саноат, инвестиция, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, Савдони соддалаштириш бўйича қўмиталари ва Арбитраж қўмитасининг мажлислари ташкил этилди. Қўмиталар мажлисларида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, савдо, саноат, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашдаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ташкилотга раислик турли йилларда Афғонистон, Туркия, Эрон, Покистон давлатлари томонидан амалга оширилган. Бугунги кунда ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги товар айланмаси 600 миллиард АҚШ долларидан зиёд, аҳоли сони эса 440 миллиондан ортиқдир. Ўзбекистон делегацияси томонидан таъкидланганидек, “2017– 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга ошириш доирасида қўшни мамлакатлар билан аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатини устувор йўналиши сифатида белгилаган. ИҲТ га аъзо мамлакатлар Ўзбекистоннинг йирик ва муҳим савдо ҳамкорлари ҳисобланади. Хусусан, 2018 йилда Ўзбекистон билан ИҲТ га аъзо мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 6,8 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 40 фоизга ошганлигини кўрсатади”.
Тадбирда тузилма таркибидаги тармоқ институтларининг жорий йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди, ташкилотга аъзо давлатлар Савдо-саноат палаталарининг ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир таклиф ва ташаббуслари тингланди.
Анжуманда иштирокчилар мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аёллар тадбиркорлиги, хорижий сармоядорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан таништирилди.
Шунингдек мажлисда тижорат низоларини ҳал қилишнинг муқобил усули сифатида ташкил қилинииши назарда тутилаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Арбитраж марказининг таъсис ҳужжатлари юзасидан фикр алмашинилди.
Мажлис иштирокчиларида Ўзбекистон Савдо-санооат палатаси тизимидаги Халқаро тижорат арбитраж суди ва ҳакамлик судлари тўғрисидаги тақдимотлар, шунингдек Тошкент халқаро арбитраж марказининг ташкилий-ҳуқуқий ишлари ҳақидаги ахборот қизиқиш уйғотди.
Анжуманнинг сўнгги кунида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ва Туркия Савдо-саноат палаталари ва товар биржалари Иттифоқи ташаббуси билан Туркияда савдо-саноат палаталарини ташкил қилиш ва фаолиятига бағишланган семиинар-тренинг ташкил қилинди ҳамда унинг иштирокчиларига Сертификатлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси