Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакилининг Кобул шаҳридаги музокаралари тўғрисида
2019-07-31 | Сиёсат
2019 йилнинг 29 июль куни Кобул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг инфратузилма лойиҳалари бўйича катта маслаҳатчиси, Молия вазири вазифасини бажарувчи Ҳумоюн Қаюми, Афғонистон Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Мухиб, шунингдек, мамлакатнинг собиқ Президенти Ҳамид Карзай билан музокаралар ўтказди.
Учрашувлар чоғида Афғонистонда тинч сиёсий жараённи тезроқ бошлаш борасидаги томонларнинг саъй-ҳаракатлари ва Ўзбекистоннинг қўшни мамлакат иқтисодий инфратузилмасини тиклашга ёрдами муҳокама қилинди.
Афғонистон томони Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, қардош Афғонистон бозорида Ўзбекистоннинг иқтисодий мавқеини янада ошириш борасидаги сиёсатини юқори баҳолади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг жорий йил 1 июль куни Афғонистонга ташрифининг муваффақиятли якунлари эътироф этилди. Бу ташриф икки томон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш жараёнида сифат жиҳатидан янги мезонларини белгилади.
Афғонистон Молия вазири вазифасини бажарувчи Ҳумоюн Қаюми Ўзбекистон Ҳукумати раҳбарининг Афғонистонга ташрифи якунларига кўра эришилган барча келишувларнинг амалга оширилишини тасдиқлади.
Музокаралар чоғида аввало Афғонистон халқининг энг муҳим манфаатлари ва эҳтиёжларига мос келувчи энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга оширишга томонларда ўзаро қизиқиш ва уларнинг ҳамкорликка тайёрлиги билдирилди.
Ҳумоюн Қаюми Афғонистон томони жорий йил сентабр ойида “Сурхон - Пули-Хумриъ электр узатиш тармоғини қуриш тўғрисидаги шартномани имзолашни режалаштираётганини ҳам таъкидлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги