Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганишни янада такомиллаштириш ва 2020-2021 йилларда минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

2019-07-24 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Сўнгги йилларда мамлакат ҳудудларини барқарор ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири бўлган минерал-хомашё базасини ривожлантириш, шунингдек, ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш, фойдали қазилмалардан фойдаланиш, муҳофаза қилиш соҳасини бошқариш ва назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилинди.

Шу билан бирга соҳанинг амалдаги ҳолати қурилиш материаллари саноатини, электротехника соҳасини ривожлантиришга қаратилган фойдали қазилмаларнинг янги истиқболли майдонлари ва конларини аниқлаш учун қидирув захираларини кўпайтиришни ҳисобга олган ҳолда, минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклашга доир мақсадли дастурларни шакллантириш ва ижро этиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, минерал-хомашёларни излаш ва қазиб олишга рухсат бериш тартиб-тамойилларини соддалаштириш, инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича муҳим чоралар қабул қилинишини талаб қилади.

Иқтисодиётни минерал-хомашё ресурслари билан барқарор таъминлаш, геология тармоғининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда:

1. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (кейинги ўринларда – Давлат геология қўмитаси) томонидан халқаро консалтинг компанияларини жалб этган ҳолда, замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий қилишни ҳисобга олиб Ўзбекистон Республикаси минерал-хомашё базасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Давлат геология қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги,“Навоий КМК” ДК ва “Олмалиқ КМК” АЖ билан биргаликда ишлаб чиқилган, конларни топишни давом эттириш учун қидирув захираларини кўпайтириш мақсадида фойдали қазилмаларнинг истиқболли майдонларини қидиришни 2020 йилда 35 фоизга, 2021 йилда эса 40 фоизга етказишни назарда тутувчи ва қуйидагиларни ўз ичига олган 2020-2021 йилларда минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастури (кейинги ўринларда – Давлат дастури) маъқуллансин:

1-иловага мувофиқ республиканинг геологик-иқтисодий ҳудудлари кесимида фойдали қазилмалар прогноз ресурслари ва захиралари ўсишининг йиғма параметрлари;

2-иловага мувофиқ ер ости сувлари захираларининг ўсишпараметрлари;

3-иловага мувофиқ Давлат геология қўмитасининг геология ташкилотлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш учун харид қилинадиган замонавий геология асбоб-ускуналари ва махсус техника воситалари, дастурий маҳсулотлар ва материаллар рўйхати.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат дастурини амалга ошириш учун бюджет ажратмалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Давлат геология қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигидаги махсус мақсадли ҳисоб рақамларидан 4-иловага мувофиқ ажратилишини кўзда тутсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш бўйича йиллик давлат дастурларини келишиш жараёнида Давлат дастурини амалга ошириш учун Давлат геология қўмитасига ажратиладиган маблағлар манбаларига аниқлик киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Геология-қидирув ишларини олиб боришни янада такомиллаштириш, ер қаърини оқилона ўрганиш ва ўзлаштириш, шунингдек, кон-геология соҳасининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича “Йўл харитаси” 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

“Навоий КМК” ДК, унинг негизида ташкил этиладиган уранни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналари, шунингдек, “Олмалиқ КМК” АЖ ресурс базасига кирувчи муайян геология объектлари алоҳида ажратилади, ушбу ресурс базасига киритилмаган бошқа геологик объектлар ва Давлат геология қўмитаси томонидан янгидан аниқланадиган фойдали қазилма конлари ва истиқболли майдонлар салоҳиятли инвесторларга берилади;

Давлат геология қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган ҳолда, кейинчалик ушбу маълумотларни ўз расмий веб-сайтида жойлаштириш ва бошқа қулай расмий воситалар билан, шу жумладан, салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш учун бизнес тадбирларда иштирок этиш ҳамда чет элларда “road-show”лар ўтказиш орқали тарқатиш мақсадида, тизимли равишда, бироқ бир йилда камида бир марта истиқболли майдонларда фойдали қазилмаларни аниқлаш ва қидириш, шунингдек, конларда фойдали қазилмалар қазиб олишни ташкиллаштириш бўйича инвестициявий таклифлар портфелини шакллантиради.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилсин:

а) “Навоий КМК” ДК, унинг негизида ташкил этиладиган уранни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхоналари, шунингдек, “Олмалиқ КМК” АЖ ресурс базасига бириктириладиган геология объектлари рўйхатини тасдиқлаш;

б) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда стратегик муҳим турдаги фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия бериш тартибини такомиллаштириш:

стратегик муҳим турдаги фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия бериш тартибини, шу жумладан, тегишли ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш ва ваколатли органлар билан келишишда бир-бирини такрорловчи босқичларни қисқартириш орқали соддалаштириш;

стратегик муҳим турдаги фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензияларни ўттиз иш кундан ошмаган муддатда бериш.

7. Давлат геология қўмитаси:

а) икки ой муддатда Давлат дастурига киритилган ҳар бир объект бўйича аниқ муддатлар ва қуйидагилар учун масъул бўлган ташкилотларни назарда тутувчи “тармоқ графиклари” ишлаб чиқилишини таъминласин:

геология-қидирув ишларини олиб бориш учун геологик топшириқларни ва лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлаш;

фойдали қазилмаларнинг прогноз ресурслари ва захиралари кўпайишини ҳисоблаб борган ҳолда геология-қидирув ишларини олиб бориш;

геология-қидирув ишлари натижалари тўғрисида ҳисоботларни Давлат геология қўмитасининг Илмий-техникавий кенгаши ва Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси йиғилишларида кўриб чиқиш учун тақдим этиш;

б) 2020 йилдан бошлаб етакчи хорижий консалтинг компаниялари ва экспертларни жалб қилган ҳолда геология-қидирув ишлари натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни тузишнинг халқаро стандартларини ва фойдали қазилмалар захираларини JORC Кодексига асосан тасдиқлашни жорий қилиш, шунингдек, Давлат геология қўмитасининг малакали мутахассисларини ўқитиш ва сертификациялашни назарда тутсин;

в) Давлат дастури доирасида қуйидагилар амалга оширилишини таъминласин:

чет эл ўқув марказларида геология йўналишидаги мутахассисларнинг амалиёт ўташи ва иқтидорли ёш мутахассис-бакалаврларни сиртқи магистратура йўналишларида ўқитиш;

рақамли геологик ахборотлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш, унинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида давлат геология фондидаги архив материаллари бўйича рақамли ахборотлар банкини ташкил қилиш;

геология-қидирув ишлаб чиқаришига мавжуд геологик ва бошқа маълумотларни рақамлаштиришни кенг жорий қилиш;

г) икки ой муддатда салоҳиятли инвесторларга фойдаланиш имкониятини тақдим этган ҳолда, қаттиқ фойдали қазилмаларнинг истиқболли майдонлари ва конлари тўғрисидаги маълумотлар (захиралар, жойлашган ўрни, жойлашув чуқурлиги ва бошқалар)ни жойлаштириш учун ягона электрон онлайн платформа яратсин.

8. Давлат геология қўмитасига юклатилган вазифаларни самарали мувофиқлаштириш ва бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлинмасидан битта штат бирлигини қисқартириш ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими ва хусусий тадбиркорлик масалалари котибияти тузилмасида қўшимча битта геология ва минерал-хомашё базаси бўйича бош мутахассис штат бирлиги кўзда тутилсин.

Давлат геология қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими ва хусусий тадбиркорлик масалалари котибиятига бириктирилсин.

9. Молия вазирлиги Давлат геология қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига стратегик муҳим турдаги қаттиқ фойдали қазилмаларни ўзлаштириш учун инвестицияларни жалб қилиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин:

кон-геология соҳасида инвестиция лойиҳаларини бошқариш ва амалга оширишнинг лицензия битими асосида ҳамкорлик қилишнинг шакли ва шартлари белгиланишини назар тутувчи халқаро амалиётни жорий қилиш;

тўлиқ молиялаштириш таъминланган тақдирда чет эллик инвесторларга тадбиркорлик таваккалчилиги шартлари асосида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳуқуқини тақдим қилиш;

фойдали қазилмаларни қидириш ва аниқлаш ҳуқуқи учун имтиёзли бонус ставкаларини қайта кўриб чиқиш;

кон қазиш соҳасидаги халқаро стандартларни қўллашни ҳисобга олган ҳолда стратегик муҳим турдаги қаттиқ фойдали қазилмаларнинг асосий турлари учун ер қаъридан фойдаланишга оид солиқ ставкаларини мақбуллаштириш;

чет эл инвесторлари томонидан солиқлар ва мажбурий тўловларнинг барча турлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланган тартибда тўланиши;

лойиҳани амалга оширишнинг бутун даврида солиқ қонунчилигининг ўзгармаслиги кафолатларини таъминлаш.

10. Давлат геология қўмитасининг 6-иловага мувофиқ геология ташкилотлари учун жойларда замонавий керн сақлаш омборхоналарини ташкил этиш, лаборатория қувватлари ва бошқа объектларни жиҳозлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Тошкент, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси замонавий керн сақлаш омборхоналарини ташкил қилиш учун геология ташкилотларига белгиланган тартибда ер участкалари ажратилишини таъминласин.

11. Давлат геология қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда “Геология соҳаси кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти” давлат корхонасида замонавий халқаро таълим стандартларини жорий этишни ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашни ҳисобга олган ҳолда унинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 майдаги “2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2954-сон қарори билан ташкил қилинган 2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Ишчи гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу қарорига 3 ва 5-иловаларида кўрсатиб ўтилган параметрларга ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб, бутун республика бўйича тасдиқланган умумий параметрлар доирасида ўзгартириш

ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги, Давлат геология қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси,“Навоий КМК” ДК, “Олмалиқ КМК” АЖ, Фанлар академияси, Энергетика вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 ноябрга қадар техноген чиқиндиларни комплекс қайта ишлаш ва утилизация қилиш имкониятларини танқидий ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Техноген чиқиндиларни қайта ишлаш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари дастурини киритсин.

14. Ушбу қарорни амалга ошириш бўйича батафсил амалий чора-тадбирлар режаси 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 8-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

16. Давлат геология қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                      Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 23 июль

 
 

Манба: ЎзА

Поделиться