Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов «Жаҳоннинг энг пешқадам 500 нафар мусулмон кишиси» рейтингидан ўрин олган Буюк Британия жамоат арбоби Аҳмад Салим билан Ўзбекистонни Ислом маданияти бешиги сифатида халқаро миқёсда тарғиб қилишга доир келишувга эришди.
Қўмита Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида халқаро ташкилотлар билан ўзаро алоқаларни тизимли равишда мустаҳкамламоқда. Куни кеча Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси таклифига биноан Аҳмад Салим Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида ташкиллаштирилган учрашувда қўмита раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов хорижлик меҳмонга бугунги кунда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, айниқса, зиёрат туризми йўналишида ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади.
Аҳмад Салим қабул ва тақдим этилган фойдали маълумотлар учун Абдулазиз Аққуловга миннатдорчилик билдирди ҳамда ташрифидан асосий мақсад - икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, дунё маданияти, илм-фан ва саънати ривожига туртки берган, цивилизациялар чорраҳасида жойлашган Ўзбекистоннинг маърифий-маданий меросини ўрганиш ва жаҳонда муносиб тарғиб қилишга доир лойиҳаларни амалга ошириш эканлигини тасдиқлади.
«1001 Inventions» вакили Бухоро шаҳрининг 2020 йилда «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилиниши муносабати билан Бухорода ўтадиган тадбирларни халқаро миқёсда ташкил этишда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Маълумот учун: Аҳмад Салим «1001 Inventions» ташкилотининг продюсери ва бошқарув директори сифатида дунё миқёсида таълим ва ижтимоий соҳаларда жаҳон цивилизацияси ривожида Ислом маданиятининг тутган ўрнига бағишланган кўплаб муваффақиятли лойиҳаларни амалга оширган ва ушбу лойиҳалари орқали миллионлаб кишиларнинг эътиборини қозонган.
«1001 Inventions» ташкилоти БМТ, ЮНEСКО ва жаҳоннинг кўзга кўринган музейларида турли тадбирларни ўтказади. Унинг голливудлик машҳур актёр Бен Кингслей иштирокидаги «1001 кашфиёт ва сирлар кутубхонаси» номли қисқа метражли фильми бугунги кунга қадар 100 миллиондан ортиқ киши томонидан томоша қилинган бўлиб, Канн фестивали каби халқаро фестивалларнинг 27 та олтин ва гран-при совринларини қўлга киритган.
Таъкидлаш жоизки, Аҳмад Салим шунингдек британиялик машҳур хонанда, диний қўшиқлари билан дунё мусулмонлари орасида шуҳрат қозонган Сами Юсуфни «ЭETM International and Andante Studios» ташкилоти продюсери ва директори сифатида қўллаб келади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги