ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари Чегара хизматлари раҳбарларининг мажлиси тўғрисида
Тошкентда 6 июнь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ваколатли органлари Чегара хизматлари раҳбарларининг еттинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Россия Федерацияси раислигида ўтган тадбирда Ҳиндистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси ваколатли органлари Чегара хизматлари, МДҲга аъзо давлатлар Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгаши мувофиқлаштирувчи хизмати ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат чегараларидаги вазият бўйича маълумот алмашди.
ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг 2018 йилда биргаликда ўтказган «Бирлик – 2018» чегара амалиёти якунлари юқори баҳоланди.
ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари чегара хизматларининг 2019 йилда ҳамкорликда ўтказадиган «Бирдамлик – 2019-2021» чегара амалиёти биринчи босқичига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш режаси кўриб чиқилди ва тасдиқланди.
ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари чегара хизматларининг 2020 йилда ўтказиладиган биргаликдаги «Бирдамлик – 2019-2021» чегара амалиёти иккинчи босқичи ташкилотчиси аниқлаб олинди.
ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари чегара хизматларининг 2020 йилга мўлжалланган экспертлар гуруҳи иш режаси маъқулланди.
Манба: ЎзА