Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкентда ўқув-симуляция маркази иш бошлади

2019-05-22 | Фан

Ушбу марказ Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва «GE Healthcare» компанияси ҳамкорлигида фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори Ҳабибулла Акилов ва бошқалар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ўзининг амалий натижасини бераётганини қайд этди.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва «GE Healthcare» компанияси ҳамкорлигида фойдаланишга топширилган ушбу марказ мамлакатимизда малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва узлуксиз самарали таълим тизимини ривожлантиришга хизмат қилиши билан муҳим. Шу билан бирга, унинг фаолияти Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида давом эттирилаётган эзгу ишларнинг мантиқий давомидир.

Статистик маълумотларга кўра, кейинги йилларда юртимизда поликлиникалар сони 2 баробарга, тиббиёт мутахассислари сони эса 12 фоизга ошган. Ушбу жараён мамлакатимизда шифокорлик тажрибасининг таълим ва илмий фаолият билан жадал интеграциялашувига бўлган талабнинг ошиб бораётгани билан боғлиқдир. Янги очилган ўқув-симуляция маркази айнан тиббиётнинг илғор ютуқларини даволаш ва ташхис жараёнларига қўллашда муҳим аҳамият касб этади.

– Бугунги кунда юртимизда тиббий олий таълимдан кейинги таълим тизимига жуда катта эътибор қаратилмоқда, – деди ушбу институт профессори Акрам Фозилов. – Бу ўқув-симуляция маркази соҳа мутахассисларининг амалий кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллайди. Унда тингловчилар олган назарий билимларини замонавий ультратовушли ускуналарда амалда синаб, ўз билимини мустаҳкамлайди. Биринчи навбатда бу аёллар соғлиғи ва пренатал ташхис билан шуғулланувчи шифокорларга тааллуқлидир. Таъкидлаш керакки, «GE Healthcare» компанияси Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш лойиҳаларида фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, Пренатал тиббий хизматни ривожлантириш давлат дастури доирасида мамлакатимиздаги 200 та кўп тармоқли поликлиника «GE Healthcare» компаниясининг сўнгги ультратовуш ташхис қўйиш сканерлари билан таъминланди.

– Биз ўзбекистонлик шифокорлар билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келамиз, – деди тиббиёт фанлари доктори, профессор Владимир Митьков (Россия). – Бугун янги марказ очилишида иштирок этаётганимдан хурсандман. Қайсидир маънода ўзбекистонлик ҳамкасбларимга ҳавасим келаяпти. Чунки бу марказнинг ишга туширилиши мутахаcсисларнинг энг илғор ультратовушли ташхис ускуналари бўйича хавфсиз ва самарали ишлаш кўникмаларини шакллантиришда катта кўмакдир. Қолаверса, унинг фаолияти икки давлат ўртасида айнан шу йўналишда алоқаларимизни янада мустаҳкамлайди.

Марказда тингловчиларга маҳаллий ва хорижлик мутахассислар акушерлик, гинекология, кардиология ва умумий визуаллаштириш йўналишлари бўйича таълим берилади. Бу ерда «GE Healthcare» компаниясининг замонавий ультратовушли тиббий ташхис Voluson P6 ускунаси, интерактив анатомик атлас ва ультратовушли фетал фантом ўрнатилган бўлиб, шифокорлар назарий билим олиш билан бир қаторда юқори технологик ускуналарда тадқиқотлар ўтказиши мумкин.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться