Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фестиваль "Оққуш кўли" билан якунланди
2019-05-07 | Маданият
Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида "Тошкент баҳори" бешинчи халқаро опера ва балет фестивали якунланди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган ушбу фестиваль пойтахт аҳли ҳамда хорижлик меҳмонларга ғоят манзур бўлди. Унда Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Хитой каби давлатларнинг санъаткорлари, балет труппалари, опера ижрочилари иштирок этди.
Фестиваль доирасида қизиқарли концертлар, премьералар, анжуманлар, маҳорат дарслари, ижодкорлар билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Ижодий лойиҳа Пётр Чайковскийнинг "Оққуш кўли" асари билан якунланди. Шуни айтиш керакки, мазкур балет-спектакль турли давлатларнинг ижодий жамоалари томонидан катта маҳорат билан ижро этилиб, томошабинларнинг алоҳида эҳтиромига сазовор бўлган асар саналади. Муҳаббат ва риёкорлик, садоқат ва хоинликнинг ўзаро кураши ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу спектакль мухлисларни бефарқ қолдирмайди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри жамоаси ушбу спектаклни алоҳида маҳорат, ўзига хос ва бетакрор талқин билан томошабинларга тақдим этган. Унда ўзбекистонлик балет усталари билан бирга Россияда хизмат кўрсатган артист Анна Никулина ҳамда Денис Родькин каби ижрочилар ҳам қатнашган.
Н.УСМОНОВА, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА