Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қўмита раҳбарияти Ҳиндистон элчиси Винод Кумар билан учрашди
2019-04-26 | Туризм
2019 йилнинг 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожланитирш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари в.б. У.Касимҳўджаев ўз дипломатик миссиясини тугатаётган Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Винод Кумар билан учрашди.
Томонлар туризм соҳасида икки томонлама муносабатларнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашишар экан, мамлакатлар ўртасидаги туристик бизнес, жумладан, икки давлатнинг туристик салоҳиятини хорижда тарғиб этиш йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш лозимлигини таъкидлаб ўтишди.
Учрашувда, шунингдек, тарафлар туризм соҳасидаги қўшма лойиҳалар ва ташаббусларнинг амалга оширилиш босқичини кўриб чиқишди ҳамда биргаликда қилинадиган ишлар учун янги салоҳиятли йўналишларни белгилаб олишди.
Айтиб ў тиш керакки, Ҳиндистон билан дўстона муносабатларни ривожлантириш юзасидан давлатимиз ва қўмита томонидан ҳозиргача бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Шулардан бири жорий йилнинг 15 март куни таниқли ҳинд моделер-дизайнери, шахсий бренд асосчиси Риту Бери (Риту Бери) Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги “Маданият туризми элчиси" этиб тайинланганидир. Дизайнерга Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган "Ўзбек мусиқа ва модаси фестивали" доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси номидан расмий сертификат ва эсдалик совғаси топширилганди.
Маълумот учун: Риту Бери Ҳиндистонда кўпинча “Мода маликаси", “Ҳиндистон модасининг бириничи хоними" дея эътироф этилади. У Парижда ўз коллекциясини намойиш қилган биринчи ҳинд дизайнери ҳисобланади. Жаҳонга машҳур кино юлдузлари Николь Кидман, Летиция Каста, Мадхури Диксит кабилар Риту Берининг либосларида омма олдида намоён бўлишади.
Шунингдек, шу кунларда Ҳиндистоннинг “Emmay Entertainment" продюсерлик компанияси делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрган бўлиб, компания вакиллари Ҳиндистоннинг энг йирик телеканали бўлган “Star TV” билан ҳамкорликда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди ҳамда Бобурийлар сулоласига бағишланган кўп қисмли филмни суратга олишни режалаштирган.
Қайд этиш жоизки, ҳукуматлар томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар юртимизга сайёҳлар оқимининг ортишида ўз аксини топмоқда. Агар 2017 йилда Ҳиндистондан Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 16,3 мингни ташкил этган бўлса, ўтган 2018 йилда бу кўрсаткич 21 минг кишига етди. Қарийб 29 фоизгача ўсиш кузатилди. Шунингдек, 2019 йилнинг I чорагида Ўзбекистонга 5,1 мингдан зиёд Ҳиндистон фуқаролари ташриф буюрган бўлиб, ўсиш кўрсаткичи 80 фоизга етди.
Учрашув якунида У.Касимхўжаев Ҳиндистон элчисининг туризм соҳасида мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни изчил ривожига қўшган шахсий ҳиссаси учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги