Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Владимир Шаманов Шаҳрисабздаги ўқувчилар олимпиадасида ғолиб бўлган
2019-04-15 | Жамият
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Россия Федерацияси Давлат думасининг Мудофаа бўйича қўмитаси раиси Владимир Шаманов бошчилигидаги Россия қаҳрамонлари ассоциацияси делегацияси 13 апрель куни Самарқандга ташриф буюрди.
Фазогир-учувчилардан иборат делегация аъзолари дастлаб Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ҳамроҳлигида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбара-мажмуасини зиёрат қилди.
Меҳмонларга бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари ҳамда зиёратчилар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг Россия қаҳрамонлари Шоҳи Зинда, Хўжа Дониёр ёдгорликларида бўлди. Бир неча асрлик ушбу мажмуаларнинг яратилиш тарихи ва уларни безавол сақлаш, асраб-авайлаш борасидаги ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Мирзо Улуғбек музейи ва расадхонаси билан яқиндан танишган фазогирлар буюк аждодимиз астрономия фани ривожига беқиёс ҳисса қўшганлигини таъкидлаб, унинг меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш барча замонларда долзарб аҳамият касб этишини қайд этди.
– Самарқандга бундан қирқ йиллар олдин, мактабда ўқиб юрганимда саёҳатга олиб келишган, – дейди Россия Федерацияси Давлат думасининг Мудофаа бўйича қўмитаси раиси, Россия Қаҳрамони Владимир Шаманов. – Илк танишувданоқ бу шаҳарни яхши кўриб қолганман ва ҳозир ҳам Ўзбекистондаги шаҳарлар орасида Самарқанд менга жуда ёқади. Бу замин азалдан маданият, цивилизация маркази сифатида ном қозонган. Қолаверса, буюк саркарда Амир Темур давлатининг пойтахти сифатида гуллаб-яшнаган. Дарвоқе, Амир Темур ҳақида гап кетганда, мен у туғилиб ўсган Шаҳрисабзда ўқувчилик пайтимда математика ва физика фанларидан олимпиадада қатнашиб, совриндор бўлганимни яхши эслайман. Умуман, иккинчи она Ватаним бўлган Ўзбекистонга бу галги сафарим ҳам кўп хотираларни ёдга солди. Меҳмондўстлик ва самимий муносабатлардан бошимиз кўкка етди.
Самарқандга ташриф давомида делегация аъзолари Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси ва бошқа тарихий-маданий ёдгорликларни томоша қилди.
– Ўзбекистонга келишим ҳар сафар янги таассуротларга бой бўлади, – дейди Россия Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасининг “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Солижон Шарипов. – Бу гал ҳам шаҳар ва қишлоқларнинг анча ўзгариб, обод бўлганини кўрдим. Одамларнинг ҳаётга муносабати ҳам ўзгарган. Бугун Самарқандга келиб, шаҳарнинг сайёҳлар билан гавжумлиги, бу тарихий масканнинг йирик туризм марказига айланиб бораётганига гувоҳ бўлдим. Аслида ҳам Самарқанд дунё цивилизациясининг бешикларидан бири сифатида инсоният тараққиётида муҳим ўрин тутади. Бу ерда биргина астрономия соҳасида Мирзо Улуғбек бошчилигида амалга оширилган ишларни ҳалигача дунё олимлари эътироф этади. Мен Самарқандда кўп бўлганман. Лекин бугун келган россиялик космонавтларнинг кўпчилиги бу шаҳарда биринчи марта бўлди ва уларнинг ҳайрати ва таассуроти жуда юқори.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА