Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Чехиялик ишбилармонлар Ўзбекистон бозорига интилмоқда
2019-04-09 | Иқтисодиёт
Чехия Республикаси савдо-саноат вазири Марта Новикова бошчилигидаги бизнес делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 8 апрель куни пойтахтимизда Ўзбекистон – Чехия бизнес-форуми ташкил этилди.
Ўзбекистонда Чехия капитали иштирокида 25 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Форумнинг очилишида ушбу кўрсаткичлар мамлакатларимиз иқтисодий салоҳиятига мос эмаслиги қайд этилди.
Тадбирда Ўзбекистонда барча соҳаларда фаол ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Ана шундай шароитда Чехия ишбилармонлари Ўзбекистон бозорига интилмоқда, улар мамлакатга сармоя киритишдан манфаатдор. Бу каби учрашувларнинг ташкил этилиши икки мамлакат олдида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга доир умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш, ўзаро товар айирбошлашда экспорт, импорт маҳсулотлари турини кўпайтириш бўйича фикр алмашиш имконини беради.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов Ўзбекистон томони чехиялик ишбилармонларни қизиқтирган соҳалар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Тақдимотларда чехиялик вакиллар мамлакатимиз инвестициявий муҳити, соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, эркин иқтисодий зоналар имкониятлари билан таништирилди.
Форум доирасида ташкил этилган "B2B”, “G2B” форматидаги учрашувларда 100 нафарга яқин маҳаллий тадбиркор, Чехиянинг савдо, таълим, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик, хавфсизлик тизимларини ривожлантириш, энергетика, логистика каби соҳалар, кимё, тоғ-кон саноатига ихтисослашган 20 дан зиёд компанияси вакиллари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
Манба: ЎзА