Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
М.Ерниязов: Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб, етуклик сари илдамлайверади
2019-04-01 | Таълим
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов Кегейли туманидаги ўзи таҳсил олган 1-умумтаълим мактаби кутубхонасига ўз ҳисобидан қарийб 200 номдаги 500 донага яқин китоб совға қилди.
Тадбирда аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, Президентимизнинг ташаббуслари билан ташкил этилаётган бу каби эзгу ишлар ёшлар ўртасида китобхонлик тарғиботини янада кучайтиришга, ўқувчиларнинг янада чуқур билим олишига, дунёқарашини кенгайтиришга, маънавиятини юксалтиришга, уларнинг китоб билан ошно бўлишига катта ҳисса қўшиши таъкидланди.
Дарҳақиқат, китоб — инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавий дунёсининг ривожланишида асосий ўринни эгаллайди. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб, етуклик сари илдамлайверади.
Шу маънода бу туҳфа қилинган китоблар албатта ўқилади, асраб-авайланади, энг зўр совға сифатида қадрланади. Зеро, маънавиятимиз чашмаси ҳисобланган китоблар халқимиз ҳамда ёшларни эзгулик ва улуғ ишларга чорлашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 март куни Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида китоб мутолаасига қизиқишини ошириш масаласи кенг муҳокама қилинган эди. Шунингдек, йиғилишда Президентимиз ҳар бир раҳбар ўз шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бундай эзгу ташаббус китобхонликни ривожлантиришга хизмат қилиши, фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлаган эди.
Жўқорғи Кенгес Раиси ўтган йили бўлиб ўтган “Энг яхши китобхон” танловининг республика босқичи ғолиби, Президент совғаси — “Спарк” автомашинаси билан тақдирланган тумандаги 9- ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Н.Кокановага қимматбаҳо совға топширди.
Е.Қаноатов, М.Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА