Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

"Бухоро минораси" туристик мажмуаси ишга туширилди

2019-03-27 | Туризм

“Bukhara tower” сайёҳларни чорламоқда.

Бухоро шаҳридаги “Authentic Travel” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Сув минораси” иншооти негизида "Бухоро минораси" (Bukhara tower) туристик мажмуаси ишга туширилди.

“Сув минораси” бундан 90 йил илгари Бухоро шаҳрининг бир қисмини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида рус муҳандиси В.Шухов лойиҳаси асосида барпо этилган. Шаҳарнинг тарихий марказида гиперболит шаклида металл конструкциялар асосида қурилган минора ўзининг меъморий ечими билан ажралиб туради. У 45 йилдан кўпроқ вақт мобайнида аҳолига хизмат қилди ва кейинчалик маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда ундан турли мақсадларда фойдаланиш бўйича кўплаб таклифлар билдирилаётган эди. Ўзбекистон Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги “Моддий-маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва уларни зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган танловда лойиҳалар орасидан энг муносиби танлаб олинди. “Authentic Travel” МЧЖнинг туризм соҳасини янада ривожлантириш учун инвесторлар ва туристлар эътиборини жалб этадиган хизматлар турини кенгайтиришга қаратилган лойиҳаси эътироф этилди.

МЧЖ ва франциялик инвестор Уитердийклар оиласининг умумий қиймати 200 минг еврога тенг лойиҳасини 2018 йил июль ойида амалга оширишга киришилди.

Иншоотнинг ўзаги ва асоси тўлалигича сақлаб қолинган ҳолда пойдеворини мустаҳкамлаш мақсадида ер сатҳини пасайтириш ва минора юқори қисмини гумбазсимон шаклда кўтариш ҳисобига унинг баландлиги 32 метрдан 40 метрга етказилди. Ободонлаштириш ва хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш учун объект ҳудуди бир мунча кенгайтирилди.

“Bukhara tower” – Бухоро минораси” мажмуасининг очилиш маросимида Бухоро шаҳар ҳокими К.Камолов, Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор хоним иштирок этди. Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш ва ундан самарали фойдаланиш борасида кенг имкониятлар яратилаётгани, бу хорижлик инвесторлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

– Бухорога сайёҳ сифатида бир неча бор келган эдик, – дейди франциялик Теунис Уитердийк. – Бизга шаҳарнинг меҳмондўст ва самимий инсонлари, бетакрор ва мўътадил табиати ёқди. Қолаверса, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш соҳасида қатор имтиёзлар яратилгани ҳам бизни жуда қизиқтириб қўйди. Шундан сўнг “Authentic Travel” МЧЖ раҳбари билан ҳамкорлик қилишга келишдик. Натижаси самарали бўлди. Келгусида Бухорода француз таомлари тайёрланадиган ресторан очмоқчимиз. Ҳозир ҳам “Бухоро минораси” мажмуасида франциялик ошпазлар меҳнат қилмоқда.

“Bukhara tower” – “Бухоро минораси” мажмуаси атрофи ойсимон шишали енгил конструкция билан ўралган. Иншоот ичидан теварак-атроф кўриниб турадиган ойнавандли лифт ҳам бор. Бинога киришингиз билан Бухоро ўтмишига қисқа саёҳат қиласиз: шаҳарнинг ўтган аср бошларидаги сув таъминоти, Шухов сув минораси билан боғлиқ тарихий фото суратлар, видеолавҳа ва тегишли ҳужжатлар билан танишасиз. Шунингдек, биринчи қаватда чиптахона, дўкон, сайёҳлар учун инфо-бюро, кафе ва мўъжазгина ресторан фаолият кўрсатади.

Иншоотнинг иккинчи қаватида яна бир ресторан жойлашган. Агар сиз кўҳна шаҳарни баландликдан кузатмоқчи бўлсангиз, учинчи қаватдаги кузатув майдончасида ўрнатилган дурбиндан фойдаланишингиз мумкин.

– 2011 йилда турфирма сифатида бошланган фаолиятимиз тобора ривожланмоқда, – дейди “Authentic Travel” раҳбари Суҳроб Бобокалонов. – Икки йил аввал меҳмонхона хизматини ҳам йўлга қўйдик. Хорижлик сайёҳлар учун мамлакатимизда бир ойгача визасиз бўлиши жорий этилгани боис туристлар оқими кўпайди. Ўтган йилнинг ўзида ташкилотимиз хизматидан фойдаланувчилар сони уч баробар ошди. Янги лойиҳамиз туфайли сайёҳларни жалб қилиш имконияти янада кенгаяди.

Бугунги кунда Бухорода хорижий инвесторлар иштирокида ва улар билан ҳамкорликда сайёҳлик йўналишидаги 10 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда.

 

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться