Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон ва Корея АКТ соҳасида ҳамкорликни давом эттиради ​

2019-03-20 | Технологиялар

Жанубий кореялик мутахассислар Ўзбекистонда "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда, янги электрон давлат хизматларини ишлаб чиқишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Корея форумида шу ҳақида сўз борди. 

Халқаро форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
 
Унда Корея Республикаси давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазири ўринбосари Юн Жон Ин бошчилигидаги делегация, юртимиз вазирлик ва идоралари, "Электрон ҳукумат" тизими доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳаларни ишлаб чиқишга жалб этилган жанубий кореялик АКТ мутахассислари иштирок этди. 
 
Тадбирда ҳозирги кунда рақамли технологияларнинг ривожланиш даражаси ва улардан фойдаланиш самарадорлиги дунё мамлакатлари рақобатбардошлигига сезиларли таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Шунинг учун замонавий АКТларнинг жадал ривожланиши, инновацияларни жорий қилиш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир. Бунда "Электрон ҳукумат" тизимини модернизация қилиш ва такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Электрон шаклда кўрсатилаётган давлат хизматлари кўлами кенгаймоқда. Бу, ўз навбатида, фуқаролар ва давлат харажатларини минималлаштириш имконини бериш баробарида коррупцияга қарши курашнинг самарали воситаси ҳамдир. 
 
Анжуманда замонавий АКТлардан давлат ҳокимияти органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва уларнинг очиқлигини таъминлашда фойдаланишнинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Соҳада қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришга доир таклифлар билдирилди. 
 
Хусусан, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун мамлакатимизни иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ҳужжат билан жамоат ва давлат қурилиши соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш комплекс ва тизимли равишда тартибга солинган. Бу жамиятни демократлаштиришни янада жадаллаштириш, фуқароларни қарорлар қабул қилиш жараёнига фаол жалб қилиш, ахборот ва замонавий давлат электрон хизматларидан фойдаланиш тизимини ривожлантириш учун зарур ташкилий-техник шароитларни яратишга хизмат қилади. 
 
Форум доирасида Ўзбекистон электрон ҳукуматининг устувор вазифалари, Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация марказининг электрон ҳукуматни ривожлантиришдаги ўрни, Корея электрон ҳукуматининг ютуқ ва истиқболдаги режаларига бағишланган маърузалар тақдим этилди. 
 
«Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази» ДУК директори Р.Султоновнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда "Электрон ҳукумат" тизими ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон БМТнинг электрон ҳукуматнинг ривожланиш даражаси бўйича дунё давлатлари рейтингида 80 ўринни эгаллади. Ҳозирги вақтда бу тизимда қатор йирик ахборот тизимлари фаолият юритмоқда. Улар орасида 140 дан зиёд электрон давлат хизматлари тақдим этувчи Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳам бор. 2017 йилда бизнесни рўйхатдан ўтказиш бўйича автоматлаштирилган тизим ишга туширилиб, у орқали 325 нафар якка тартибдаги тадбиркор ва 128 юридик шахс иқтисодий фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлди. 
 
Бугунги кунда Корея Республикаси БМТнинг электрон ҳукуматнинг ривожланиш даражаси бўйича дунё давлатлари рейтингида учинчи ўринда қайд этилади. 
 
– Технологик жараён янги электрон давлат хизматларини яратиш учун янада кенгроқ имкониятлар тақдим этмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги маслаҳатчиси Дзин Юань Хо (Корея). – Фаолиятим доирасида Ўзбекистонда "Электрон ҳукумат" тизимига инновациялар ва рақамли иқтисодиёт технологияларни жорий этишга яқиндан кўмак бермоқдаман. Барча саъй-ҳаракатларимиз электрон ҳукуматни яратишга қаратилган бўлиб, бу фуқароларнинг давлат органлари билан ўзаро алоқасини сезиларли даражада енгиллаштиради. 
 
Форум якунида иштирокчилар электрон ҳукуматни ривожлантиришнинг қонуний асослари, миллий ахборот-коммуникация тизимини такомиллаштириш, электрон тижорат ва солиқ соҳаларига электрон давлат хизматларини жорий этиш истиқболлари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан давлат ҳокимияти органлари фаолияти очиқлигини таъминлашда фойдаланиш борасида фикр алмашди. 
 
Шунингдек, Корея Республикаси давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазири ўринбосари Юн Жон Ин бошчилигидаги делегация ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган қатор учрашув ва музокараларда ҳам иштирок этди.
 

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА мухбири

Манба: ЎзА

Поделиться