Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари билан учрашув
2019-03-12 | Сиёсат
2019 йилнинг 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрига келган Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Юн Сун Гуни қабул қилди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил ноябрь ойидаги Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Бўлажак олий даражадаги Ўзбекистон – Жанубий Корея учрашуви мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп қиррали стратегик ҳамкорликни ривожлантиришда янги босқич бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Вазир таъкидлаганидек, Ўзбекистон Корея Республикаси билан ўзаро ҳурмат, ишонч ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган қалин дўстлик муносабатларини юқори баҳолайди ва қадрлайди.
Қатор йиллар давомида Корея Республикаси мунтазам равишда Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари қаторидан ўрин олмоқда. 2018 йилда савдо айланмаси 2,1 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, аввалги йилнинг айни кўрсатгичларига нисбатан 54%га ўсди. Мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларига жалб қилинган Жанубий Корея инвестицияларининг ҳажми 5 млрд. доллардан ошди. Ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларида биргаликда самарали ишлаш борасида сезиларли тажриба тўпланди, стратегик шерикчиликнинг мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асоси шакллантирилди.
Мамлакатимиз ҳаётининг ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги, давлат бошқаруви, кадрлар тайёрлаш, тиббиёт, таълим ва кўплаб бошқа жабҳаларида Жанубий Корея тажрибасига талаб мавжуд.
Шу куннинг ўзида Ташқи ишлар вазирлигида икки томон сиёсий маслаҳатлашувларининг 13-раунди ўтказилиб, унда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг комплекс масалалари, жумладан бўлажак учрашувлар жадвали кўриб чиқилди.
Музокараларда Корея Республикаси Элчиси Квон Ён У иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги