БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини бажарувчи Леван Буадзе бошчилигидаги делегация икки кунлик сафар билан Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.
Делегация аъзоларини қабул қилган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов меҳмонни ҳудудга ташрифи билан қутлаб, БМТ Тараққиёт дастури томонидан Орол инқирози оқибатидан жабр кўрган одамларнинг яшаш шароитини яхшилаш борасида кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорлик билдирди.
Учрашувда истиқболдаги ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати ва БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Мослашиш жамғармаси ҳамкорлигида “Ўзбекистоннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларида иқлим барқарорлигини таъминлаш” қўшма лойиҳаси ишлаб чиқилган. 2015-2020 йилларга мўлжалланган лойиҳанинг мақсади мамлакатимиз қурғоқчил ҳудудларида иқлим ўзгаришига чидамли деҳқончилик ва чорвачилик хўжаликлари яратишдан иборат. Бугунги кунда ушбу лойиҳа доирасида Қорақалпоғистонда қурғоқчилик юзага келиши хавфини камайтиришга қаратилган зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Учрашувдан сўнг меҳмонлар лойиҳага кўра, яйловларни ривожлантириш бўйича ташкил этилган ишлаб чиқариш субъектларига қишлоқ хўжалиги техникаларини топшириш маросимида иштирок этди. Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Қорақалпоғистонда яйловларни самарали бошқариш ва деградацияга учраган ерларни яхшилашга йўналтирилган 10 та ана шундай фаолият тури ташкил қилинган.
Топширилган техникаларнинг бир қисми БМТнинг Тараққиёт дастури билан Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ харид қилинган. Бу каби техникалар Орол денгизининг қуриган тубида кўчат экиш, мелиоратив тадбирлар олиб бориш, яйловлар унумдорлигини оширишга хизмат қилади.
Меҳмонлар Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали қошида ташкил этилган маслаҳат-маълумот марказида ҳам бўлди. Зарур моддий-техник воситалар билан таъминланган ушбу марказ мутахассислари фермер ва деҳқонлар тажрибасини, билимини ошириш, шунингдек, соҳага татбиқ этилаётган замонавий ускуна ва технологиялардан фойдаланиш бўйича маслаҳат бериб келмоқда.
Марказ намлик, тупроқ шўрлигини ўлчаш ускуналари, керакли офис ускуналари, махсус мавзулар бўйича тематик қўлланмалар билан таъминланган. 2018 йилда ҳудуддаги 3 минг 211 фермер, деҳқон ва уй-жой мулкдорларига марказ томонидан маслаҳат хизматлари кўрсатилди.
Шунингдек, Кегейли агросаноат касб-ҳунар коллежи қошида ташкил этилган иссиқхона хўжалигининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Иссиқхона нафақат коллеж ўқувчиларига, балки қишлоқ аҳолиси, жумладан, фермер ва деҳқонларга ҳам томчилатиб суғориш тизимини қўллаш усулларини ўргатиш имконини беради. Бу тажрибани аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш кўзда тутилган.
Делегация аъзолари Тахтакўпир тумани “Давқара” ва “Атакўл” қишлоқ фуқаролар йиғинларидаги аҳолига тоза ичимлик суви етказиб берувчи пункт ишга туширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда ҳам иштирок этди. Шундан сўнг меҳмонлар “Айдин жол” овул фуқаролар йиғинидаги “Ткачиха-Тахта” тикув цехи фаолияти билан танишди.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини бажарувчи Леван Буадзе Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Мўйноқ ва Шуманай туманларида ҳам бўлиб, қатор лойиҳалар билан танишди.
Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА