Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Музейга келувчилар сони ортмоқда ​

2019-02-28 | Маданият

Музейлар – юртимиз тарихи, халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган қадриятларини ўзида мужассам этган осори-атиқалар, ноёб буюмлар билан ўзлигимизни англашга, ўтмишдан ибрат олиб яшашга ундайди.

Хўш, бугун ана шу масканларга аҳоли, айниқса, ёшлар ташриф буюряптими? Музейларда сайёҳлар учун қандай шарт-шароит ва қулайликлар яратилган? Ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида бўлдик.
 
Баҳор нафаси уфуриб турган қишнинг сўнгги кунларида музей биносига кирибоқ, бу ер ташриф буюрувчилар, асосан, ёшлар билан гавжум эканига гувоҳ бўлдик.
 
– Тарихимизни билсин, халқимиз ўтмиши ҳақидаги тасаввурлари бойисин, деб фарзандларимни ушбу музейга олиб келдим, – дейди Жалақудуқ туманидаги 30-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ҳамрохон Маматқулова. – Тўрт йил аввал ўқувчиларимни олиб келганимда бугунгидай шароитлар йўқ эди. Қисқа вақтда катта ўзгаришлар бўлибди. Экспонатлар жойлашуви, умуман, музейдаги ўзига хос муҳит киши руҳиятига бошқача таъсир қилади. Фарзандларимдаги ҳайрат ва қизиқиш менга ҳам кўчди.
 
Дарҳақиқат, музей ўтган йили капитал реконструкция қилиниб, атрофи ободонлаштирилди, инфратузилмаси тубдан янгиланди. Бу ишлар учун қарийб 500 миллион сўм маблағ сарфланди.
 
Айни пайтда 110 мингдан зиёд экспонат сақланаётган Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида “Жомеъ меъморий обидаси", “Бобур уй-музейи”, “Чўлпон ёдгорлик музейи”, “Қалъа ёдгорлик мажмуаси” бўлимлари ҳамда Пахтаобод туманида “Ҳабибий ёдгорлик музейи” филиали фаолият кўрсатмоқда.
 
Музейнинг “Жомеъ меъморий обидаси" бўлимида жойлашган адабиёт ва санъат галереясида тарихимизга оид 20 мингдан зиёд ҳужжат, қўлёзма ва турли даврларда чоп этилган китоблар, шунингдек, Андижон адабий муҳити ва халқ амалий санъатига оид ноёб асарлар, буюмлар ўрин олган. ХIV асрга оид Бобур уй-музейи (Арк ичи) меъморий обидасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар даврига, “Қалъа” меъморий ёдгорлигида эса ХIХ аср ва ХХ аср бошларидаги Андижон тарихига, Абдулҳамид Чўлпон ҳамда Зокиржон Ҳабибий ёдгорлик музейларида ўзбек адабиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшган ижодкорлар ҳаёти ва фаолиятига оид экспонатлар сақланмоқда.
 
– Музейимизни бундан уч-тўрт йил аввал йилига 40-45 минг киши томоша қилган бўлса, 2018 йилда 80 мингдан ортиқ одам ташриф буюрди, – дейди Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи директори Ихтиёржон Расулов. – Жумладан, 400 нафарга яқин хорижлик сайёҳ ҳам музей экспонатлари билан танишди.
 
Бундан ташқари, яхши кўриниши учун ҳар бир экспонатга ёритиш чироғи ўрнатилди. Хорижий сайёҳлар учун сувенирлар сотиладиган дўкон фаолияти йўлга қўйилди. Интернетдан эркин фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида музей ҳудудида Wi-Fi интернет зонаси яратилди. Бу каби қулайликлар музейга ташриф буюрувчилар оқими ортишига хизмат қилмоқда.
 
Аҳоли, айниқса, ёшларнинг музейга ташрифини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Табиатдан сабоқ олиб яшайлик”, “Юртимда баҳор нафаси”, “Ўзбекистон – жаннатмакон диёр”, “Тол бешикдан бошланган дунё”, “Андижон қўғирчоқлар мактаби” “Тасвирларда аёл тимсоли” сингари ўнлаб тасвирий ва халқ амалий санъати асарлари кўргазмалари ўтказилди.
 
Вилоят касб-ҳунар таълими ҳамда халқ таълими бошқармалари билан ҳамкорликда ўқувчи-ёшларнинг музейга мунтазам келиб туришини таъминлаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, юқори синфларда адабиёт, тасвирий санъат ҳамда тарих фанлари дарслари бир йилда бир марта бевосита музейнинг тегишли бўлимларида ўтказилиши йўлга қўйилган. 
 
Музей маъмуриятининг Ўзбекистон Фанлар академияси Самарқанд Археология институти олимлари билан ҳамкорликда қўшма илмий экспедицияси ташкил этилиб, Қўрғонтепа туманидаги “Қўштепа” археологик ёдгорлигида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Натижада юртимизнинг қадим ўтмишига оид 5 мингга яқин сопол буюмлар, турли осори-атиқалар топилди. Улар музей фондига топширилиб, “Кўхна замин дурдоналари” кўргазмаси доирасида кенг жамоатчиликка намойиш этилди.
 
Айни пайтда ана шу топилмалар археолог ва тарихчи олимлар ҳамкорлигида илмий жиҳатдан ўрганилмоқда.
 
– Музейимизда турли даврларга оид 1,5 мингдан ортиқ қўлёзма сақланмоқда, – дейди қўлёзма ва тошбосма китобларни сақлаш сектори мудири Ғанижон Қосимов. – Мутахассислар уларнинг илмий-тарихий аҳамиятини ўрганмоқда. Музей экспонатларининг электрон каталогини яратиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири

Манба: ЎзА

Поделиться