Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг мажлислари бўлиб ўтди
2019-02-28 | Жамият
2019 йил 27 февраль куни Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва комиссиясининг мажлислари бўлиб ўтди. Уларда парламент юқори палатасининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар муҳокама қилинди.
Қўмита мажлисларида таъкидланганидек, Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига киритилган Ўзбекистон Республикасининг қонунлари мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва ўзгаришларларнинг самарадорлигини таъминлашга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини ижро этишга қаратилган.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Сенат қўмиталарининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлисида “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Молия вазирлиги томонидан ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Унда Қўмита аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, суғурта фаолияти молия бозорининг бир қисми сифатида мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида муҳим ўрин тутади. Айнан шу боисдан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида суғурта хизматлари ҳажмини уларнинг янги турларини жорий қилиш ва сифатини ошириш ҳисобига кенгайтириш асосий вазифалар қаторида белгиланган. Шунингдек, 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида Суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантириш вазифалари қўйилган.
“Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мамлакатда суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш учун белгиланган махсус ваколатли орган ҳисобланади. Ушбу вазифалар вазирлик қошида тузилган Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта назорати давлат инспекцияси орқали амалга оширилади.
Бугунги кунда республикада соҳанинг турли йўналишларида фаолият кўрсатаётган 30 та суғурта компанияси мавжуд бўлиб, улар томонидан 2018 йил мобайнида тўланган суғурта тўловлари ҳажми 461,1 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 71 фоизга ошган. Суғурта компанияларининг инвестициялари ҳажми 2 трлн. сўмни ташкил этди ва бу ўтган йилга нисбатан 35 фоиз кўпайган.
Шу билан бирга, ўрганиш жараёнида “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ижро этилишини таъминлашда камчилик ва муаммолар мавжудлиги аниқланди.
Таъкидланганидек, бунинг асосий сабабларидан бири “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси учун махсус ваколатли орган бўлган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Қонун талабларининг тўлиқ бажарилишини таъминлашга эришилмасдан қолаётганлигидир. Ижро этилиши мажбурий бўлган тўловга қобилиятлилик нормативларини ҳамда уларни аниқлаш тартибига оид зарур меъёрларни ишлаб чиқиш, суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этишлари ҳамда тўловга қобилиятлиликнинг белгиланган меъёрлари ва молиявий барқарорликнинг бошқа талаблари бажарилишини назорат қилиш шулар жумласидан.
Бунинг оқибатида суғурта ташкилотларининг суғурталаш жараёнида суғурталанувчилар ёки суғурта объектларига нисбатан ноқонуний талаблар қўйиш орқали объектни суғурталаш ҳолатларининг учраётганлиги тўғрисида ҳақли эътирозлар билдирилмоқда. Мавжуд муаммолар ўз вақтида бартараф этилмаганлиги сабабли республикада бозор тамойиллари асосида суғурта бозорининг жадал ривожланиши таъминланмаган, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг суғурта бозорига нисбатан ишончи паст даражада қолмоқда.
Мажлисда мамлакат суғурта тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ушбу соҳани янада ривожлантириш борасида бир қатор асосли таклиф ва тавсиялар билдирилди. Бунда, аввало, қонунчилик базасини такомиллаштириш, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонунини янги таҳрирда, “Мажбурий ва давлат мажбурий суғуртасини амалга ошириш тўғрисида”ги ва “Суғурта воситачилари тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, суғурта бозори барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлаш, мавжуд коррупция ҳолатларини бартараф этиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, суғурта фаолияти соҳасидаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш каби жиҳатларга урғу берилди.
Мажлисда муҳокама қилинган масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг бўлиб ўтган мажлисида “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг Тошкент вилоятида ижро этилиши ҳолатини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Унда қўмита ва ишчи гуруҳ аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Мажлисда соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим ва халқ таълими вазирликлари раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда республикамизда 608528 нафар ногирон бўлса, уларнинг 47598 нафари (8 фоизи) Тошкент вилоятида истиқомат қилади. Сўнгги икки йил мобайнида Тошкент вилоятида ногиронларнинг сони 5,8 фоизга ортган.
Шунингдек, вилоятда 24 та ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида ногирон ҳисобланган 2602 нафар бола, 12 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатда эса 2 303 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда.
Мажлисда ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича Тошкент вилоятида қатор ишлар амалга оширилганлигига қарамай, соҳада қатор камчилик ва муаммолар мавжудлиги қайд этилди.
Жумладан, Қонуннинг 10-моддасида аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни амалга оширувчи ташкилотлар тегишли объектларни ногиронларнинг тўсқинликсиз кириши имконини берувчи махсус мосламалар билан жиҳозлашни таъминлаш белгиланган бўлишига қармасдан вилоятда бекатлар, светофорлар ва пиёдалар йўлакчаларини махсус мосламалар билан жиҳозлаш бўйича ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаган.
Шу билан бирга, масъул давлат органлари ўртасида ногиронлар тўғрисидаги статистик маълумотларни юритиш механизми такомиллашмаган, вазирлик ва идораларнинг ягона маълумотлар базаси яратилмаган. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, 2019 йил 1 январь ҳолатига Тошкент вилоятида 47598 нафар ногирон бўлса, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маълумоти бўйича - 48225 нафар, Давлат статистика қўмитасининг маълумоти бўйича эса - 55430 нафар ногирон мавжуд.
Ногиронларнинг бандлигини таъминлаш ишлари ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган, бу борада аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилмаган.
Хусусан, ногиронларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 2018 йил давомида Бандликка кўмаклашиш марказларига вилоят Тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЭК) томонидан жами 1109 та тавсия берилган бўлса-да, уларнинг бор йўғи 56 нафари (5 фоизи) ишга жойлашган, холос.
Ногиронларни реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедик маҳсулотлар билан таъминлаш ишлари етарли даражада йўлга қўйилмаган. Ушбу маҳсулотлар билан ногиронларни таъминлаш даражаси ўртача 35 фоизни ташкил этмоқда.
Мисол учун, 2018 йил давомида вилоят ТМЭК томонидан 661 нафар ногиронга ногиронлик араваси зарурлиги ҳақида хулоса берилган бўлса-да, уларнинг фақат 277 нафари ногиронлик аравалари билан таъминланган.
Ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчи турли тоифадаги ногирон болалар учун уларнинг ёши, ақлий, психологик ва физиологик ривожланиш даврига мослаштирилган ўқув дастурлари, ўқув-услубий қўлланмалар ва уларга тавсиялар ҳамда таълим беришнинг техник шакллари ишлаб чиқилмаган.
Ўн бир йиллик таълимга ўтилиши муносабати билан ихтисослаштирилган мактабларда синф хоналарининг етишмаслиги ҳолати юзага келмоқда. Хусусан, Янгийўл шаҳридаги 11-сонли ихтисослаштирилган ёрдамчи мактабда келгуси ўқув йилидан бошлаб 10 ва 11-синфларнинг очилиши режалаштирилаётганлиги сабабли ўқув хоналарининг етишмаслиги муаммоси мавжуд. Мактаб ногирон ўқувчиларни асосан касб-ҳунарга ўргатишга ихтисослаштирилган бўлишига қарамасдан, муассасанинг меҳнат таълимига йўналтирилган биноси авария ҳолатига тушиб қолган.
Ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар ўқув дарсликлари билан етарли даражада таъминланмаган. Натижада мактабларда умумтаълим мактаблари учун мўлжалланган дарсликлардан фойдаланилмоқда. Жумладан, таълим рус тилида олиб бориладиган 9-10-синф ўқувчилари учун “Давлат ва ҳуқуқ асослари” ҳамда “Иқтисодий билим асослари” дарсликлари умуман нашр этилмаган.
Кўриб чиқилган масала юзасидан Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати