Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қорақалпоғистонда комплекс давлат хизматлари жорий этилади
2019-02-22 | Инновация
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва БМТ тараққиёт дастурининг “Самарали давлат бошқаруви ва рақамли трансформацияни ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси томонидан ташкил этилган Инновациялар ва бошқарув ечимлари лабораториясида Қорақалпоғистон Республикасидаги Давлат хизматлари марказларида операцион ва функционал жараёнларни оптималлаштиришни ҳисобга олган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини трансформациялаш натижаларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ва Қўнғирот туманлари давлат хизматлари марказлари базасида бола туғилиши билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатиш комплекс тизимини тажриба тариқасида ишга тушириш режалаштирилган.
Фарзанд туғилиши ота-она учун энг бахтли воқеа. Аммо кичкинтойга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш, бир марталик ижтимоий тўловни олиш ва поликлиникада рўйхатга ўтиш учун қатор-қатор навбатларда туриш, турли-туман ҳужжатларни тўлдиришга тўғри келади. ФҲДЁ, Пенсия жамғармаси, поликлиника – буларнинг баридан зарур хужжатларни олиш учун бир неча кун кетади.
Мана шу хизматлар осон ва қийинчиликларсиз амалга оширилишининг эса имкони бор. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги БМТ тараққиёт дастурининг “Самарали давлат бошқаруви ва рақамли трансформацияни ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси билан ҳамкорликда бола туғилиши билан боғлиқ бир нечта давлат хизматларининг маъмурий иш тартиби лойиҳасини ишлаб чиқди.
Янги хизмат қуйидагича кўрсатилади: аввал тиббий муассаса (туғруқхона, шифохонанинг туғруқ бўлими) тегишли анкетани тўлдириш ва электрон тиббий маълумотнома бериш учун электрон шаклда ота-она ва бола тўғрисида маълумот тайёрлайди. Сўнгра бу маълумотлар электрон йўл билан давлат хизматлари марказига юборилади. Бу ерда ариза берувчининг сўровига кўра нафақат туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани, балки бир марталик ижтимоий нафақа ва чақалоқни поликлиникага рўйхатга қўйиш билан боғлиқ масалаларни ҳам ҳал қилиш мумкин бўлади.
Сўров олинганидан сўнг давлат хизматлари марказлари маълумотларни зудлик билан ФҲДЁ ва Пенсия жамғармасига жўнатади. ФҲДЁ боланинг туғилганлигини қайд этади ва давлат хизматлари марказига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этади, Пенсия жамғармаси эса бир марталик ижтимоий нафақани белгилайди, барча маълумотлар олинганидан кейин бир иш куни давомида ота-онанинг аризада кўрсатилган банк рақамига маблағ ўтказади. Худди шундай поликлиникалар ҳам электрон шаклда зарур маълумотларни олиб, жажжи фуқаронинг саломатлигини назоратга олади.
Шунингдек, Нукус шаҳрининг экспериментал деб аталувчи давлат хизматлари марказлари ва Қўнғирот туманининг давлат хизматлари марказлари ёшга доир давлат пенсиясини расмийлаштириш бўйича хизматларни ҳам кўрсатади.
Ҳозирда пенсияга чиқиш жараёни идорама-идора югур-югуру қоғозбозликдан иборатлигини кўпчилик таъкидлайди. Бўлажак пенсионерлар идорама-идора югуриб, архивларда навбат туриб, меҳнат стажини тасдиқловчи турли хил маълумотларни йиғиб, бу жараёнга бир неча ой олдиндан тайёрланадилар.
Табиийки, “бирлашган” хизматлар биттагина ҳужжатни тўлдириб, турли идораларнинг хизматларини бир жойдан олиш имкониятини беради. Қулайлик (турли идораларда навбат кутишга барҳам берилади), вақтни ва маблағни тежаш, сифат – буларнинг бари мана шу хизматларга хос белгилардир.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда давлат хизматлари марказларида 70 тадан зиёд хизматларни олиш мумкин, вилоят марказларидаги экспериментал марказларда эса 100 дан зиёд хизматлар кўрсатилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги