Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Марказий Осиёда ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ташаббуслари умумминтақа манфаатларига хизмат қилади​

2019-02-20 | Сиёсат

Тошкентда 19 февраль куни “Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар” мавзусида халқаро конференция бошланди.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларини амалга ошириш доирасида ўтказилаётган тадбир Ташқи ишлар вазирлиги ва БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда Афғонистон, АҚШ, Бельгия, Буюк Британия, Эрон, Германия, Грузия, Ҳиндистон, Исроил, Испания, Қозоғистон, Канада, Миср, Хитой, Корея, Кувайт, Озарбайжон, Қирғизистон, Латвия, Малайзия, Нидерландия, Покистон, Польша, Россия, Саудия Арабистони, Таиланд, Туркия, Венгрия, Украина, Ўзбекистон, Финляндия, Франция, Швеция, Япония давлатларидаги таҳлилий марказларнинг 100 дан зиёд вакиллари иштирок этмоқда.

Анжуманда Европа Иттифоқи, Америка давлатлари ташкилоти, Арктика маслаҳатлашув кенгаши минтақавий тузилмалари, шунингдек, Жаҳон банки, Жаҳон савдо ташкилоти, Европа инвестицион банки ва бошқа халқаро молия институтларидан қатнашчилар ташриф буюрган.

Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатида тинчликпарварлик, манфаатли ва ишонч руҳидаги шериклик тамойиллари устувор ҳисобланади. Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига киришган илк кунларданоқ мамлакатимизда ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш асосида хорижий давлатлар, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга алоҳида аҳамият қаратилишини қайд этганди.

Бу каби мақсадлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топгани мамлакатимизнинг очиқ, дўстона ва прагматик сиёсатдаги қатъий позицияга содиқлигига яна бир далилдир. Унда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсий фаолият юритиш, аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш каби масалалар устувор йўналишлар сифатида белгиланган.

Ўтган қисқа вақтда минтақа давлатлари ўртасида ишонч даражаси сезиларли ошди. Қўшни мамлакатларга сафарлар, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон Президентларининг мамлакатимизга ташрифлари натижасида минтақада савдо алоқалари фаоллашди, ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича манфаатли ечимлар топилиб, транспорт коммуникациялари имкониятларини мувофиқлаштириш, Давлат чегараларини демаркация ва демилитация қилиш бўйича мулоқотлар фаоллашди.

Самарқандда 2017 йилнинг ноябрь ойида ўтказилган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзусидаги юқори даражадаги халқаро анжуман натижасида 2018 йилнинг 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида "Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш" резолюцияси қабул қилинди. Бу Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда якдил қарашларга эга эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Марказий Осиё энергия ва минерал ресурсларга бой, маданий-гуманитар ва улкан инсон капиталига эга. Шу билан бирга, минтақа учун халқаро терроризм, экстремизм ва гиёҳванд моддалар савдоси таҳдиди мавжуд. Кўп йиллардан буён Афғонистонда давом этаётган можаролар давримизнинг мураккаб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Афғонистонда тинчликка эришиш эса Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлашнинг муҳим шартидир.

Шу маънода, бугун Ўзбекистон Афғонистон можаросини ҳал этишдаги халқаро саъй-ҳаракатларнинг сезиларли кучайганини мамнуният билан қайд этган ҳолда, яқин қўшни мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий инфратузилма лойиҳаларига жалб қилишга қаратилган интилишларни давом эттирмоқда.

Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳатлашувларини доимий ўтказиш ташаббуси минтақадаги барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Давлатимиз раҳбари Остонада ўтган ушбу форматдаги илк учрашувда сўзлаган нутқида энг долзарб халқаро ва минтақавий масалалар бўйича кенг фикр алмашиш, улар бўйича умумий позицияни келишиб олиш зарурлигини таклиф этди. "Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш соҳасида самарали минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш учун янги захира ва амалий механизмларни излаш керак", деб таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари.

“Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар” мавзусида ўтаётган халқаро конференция шу борадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, умумий ёндашувлар ишлаб чиқиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур конференция минтақа ва дунёнинг қатор давлатлари, халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Анжуман очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар, инвестициявий муносабатларда ижобий динамика кузатилаётганини, бу эса дунёдаги иқтисодий-ижтимоий ривожланишга бевосита таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Қирғизистон Республикаси стратегик тадқиқотлар миллий институти директори Куваничбек Шадибеков Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзаро манфаатли келишувларни амалга ошириш ташаббуслари минтақа мамлакатлари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаб, халқларимиз турмуш даражасини ошириш ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санат Кушкумбаев тарихий, географик, иқтисодий, демографик жиҳатдан Марказий Осиё марказида жойлашган Ўзбекистон томони саъй-ҳаракатлари сабаб чегара, савдо, энергетика, сув ресурслари бўйича фаол мулоқотлар олиб борилаётганини қайд этди.

Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори ўринбосари Парвиз Муҳаммадзода Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу халқаро конференция ўта долзарб масалаларга қаратилгани ва ўз вақтида илгари сурилганини таъкидлади.

Туркманистон Молия ва иқтисодиёт вазирлиги вакили Искандер Оразов конференция кўп томонлама фикр алмашиш, ўзаро мувофиқ ёндашувлар ишлаб чиқиш ва минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун қулай имконият эканини билдирди. Тадбирнинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги аҳамиятини юқори баҳолади.

Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили офиси мутахассиси Фавзия Арал Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги дипломатик муносабатларни фаоллаштириш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва иқтисодий ривожланишга эришиш борасидаги интилишлари ўз натижаларини бераётганини қайд этди. Бугунги йирик анжуман ҳам томонларнинг барча йўналишлардаги ҳамкорлигини юқори босқичга олиб чиқишда яна бир муҳим қадам эканини таъкидлади.

Халқаро конференция шуъба мажлисларида давом этди. Уларда савдо, иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, хавфсизлик, экология, энергетика, туризм соҳаларида алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Таълим, фан йўналишларидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди, илгари сурилган долзарб ташаббуслар кенг муҳокама этилди.

Марказий Осиёда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш минтақада эркин савдо тартибини самарали жорий этиш, божхона ва чегара тартиб-қоидаларини соддалаштиришга бевосита боғлиқ экани қайд этилди.

Анжуман иштирокчилари минтақа мамлакатларининг ишонч руҳидаги маслаҳатлашувларини ижобий баҳолаб, бу ишларни давом эттириш савдо, иқтисодиёт, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишда ташаббускори Ўзбекистон томони бўлган БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди имкониятларидан самарали фойдаланиш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани тиклаш юзасидан фикр алмашилди.

Минтақа давлатларининг денгиз портларига ва халқаро бозорларга чиқиш имконини берадиган транспорт ва логистика тизимларини яратиш, мавжуд туристик имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳисобига сайёҳлик соҳасининг иқтисодиётдаги улушини ошириб бориш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Конференциянинг биринчи кунида “Савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорлик”, “Минтақавий хавфсизликни таъминлаш”, "Экология ва энергетика, сувдан оқилона фойдаланиш", "Туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатлар" мавзуларида шуъба мажлислари ўтказилди. Мамлакатимиз ва хорижлик олимлар, нуфузли экспертларнинг таҳлилий маърузалари тингланди ва муҳокама қилинди.

Манба: ЎзА

Поделиться