Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқаро молия институтлари Ўзбекистон иқтисодиётига ишонч билдирмоқда

2019-02-19 | Иқтисодиёт

Шу кунларда Халқаро молия корпорациясининг Лотин Америкаси, Кариб ҳавзаси, Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Жоржина Бейкер бошчилигидаги делегация ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.

Ташриф доирасида Тошкентда 18 февраль куни Жаҳон банки гуруҳи томонидан Ўзбекистонда хусусий секторни ўрганиш бўйича олиб борилган ишлар натижасига бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари, хусусий тармоқлар вакиллари, Халқаро молия корпорацияси, Жаҳон банки экспертлари иштирок этди.
 
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев, Халқаро молия корпорациясининг Лотин Америка, Кариб ҳавзаси, Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Жоржина Бейкер ва бошқалар сўзга чиқди.
 
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда кейинги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиётни либераллаштириш, унда давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар сабаб халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистон истеъмол бозорига инвестиция киритиш борасидаги ишончи ортиб бормоқда.
 
Шундан сўнг Ўзбекистонда хусусий секторни ўрганиш бўйича кўп томонлама таҳлил хулосалари маълум қилинди. Унда хусусий тармоқнинг мамлакатимиз иқтисодиётдаги ролини ошириш орқали экспорт салоҳиятини янада ошириш имкони мавжудлиги ижобий қайд этилади. Хусусан, фуқаро авиацияси, ахборот-коммуникация технологиялари, кимё саноати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш соҳасида ишга солинмаган салоҳиятдан унумли фойдаланиш келгусида юқори самарадорликка эришишга замин яратиши таъкидланади.
 
Ўзбекистоннинг табиий ресурсларга бойлиги, жумладан, кимё саноатини жадал тараққий эттириш учун асосий омил ҳисобланади. Шу боис соҳанинг рақобатбардошлиги ва энергетик таъсирчанлигини оширишга қаратилган модернизация ишларини изчиллик билан олиб бориш зарур. Бунинг натижасида Ўзбекистон 2022 йилга келиб кимё маҳсулотларини импорт қиладиган мамлакатдан экспортёр давлатга айланиши мумкин. Инвестиция сиёсати туфайли айни турдаги маҳсулотлар бўйича экспорт ҳажмини 600 миллион АҚШ долларига етказиш истиқболлари бор.
 
Шунингдек, ҳисоботда рақамли иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш ахборот-коммуникация технологиялари тармоғини халқаро меъёрлар даражасида ривожлантиришга боғлиқлиги қайд этилади. Соҳада давлат улушининг камайтирилиши ва тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиниши бирламчи вазифа сифатида кўрсатилади.
 
Тақдимот доирасидаги навбатдаги ҳисоб-китоблар мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишланди.
 
Қайд этилганидек, мамлакатимизнинг йиллик мева-сабзавот экспорти ҳажми бир миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Кўп томонлама таҳлил муаллифларининг фикрича, Ўзбекистоннинг географик жойлашуви ва қулай иқлим шароити эътиборга олинганда бу кўрсаткич юртимизнинг айни тармоқ бўйича салоҳиятига мос эмас.
 
Тақдимотда Жоржина Бейкер мамлакатимизнинг ушбу тармоқларида хусусий сектор иштирокини ошириш эвазига Ўзбекистоннинг истиқболда Марказий Осиёнинг инвестиция ва савдо марказига айланиши мумкинлигини қайд этди.
 
– Тизимли ислоҳотлар, инфратузилмаларни такомиллаштириш, иқтисодиётда хусусий секторлар ролини кучайтириш орқали ва бунда мамлакатнинг Европа ва Осиё чорраҳасида жойлашгани, қулай иқлим шароитларига эгалиги ҳисобга олинса, Ўзбекистон истиқболда минтақанинг инвестиция ва савдо марказига айланиши мумкин, – деди Жоржина Бейкер.
 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться