Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Big Idea Challenge – инновациялар танлови
2019-02-19 | Инновация
18 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Британия кенгаши, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Лондон Метрополитен университети билан ҳамкорликда ташкил қилинган “Big Idea Challenge” стартап лойиҳалар танловининг 2чи босқичига старт берилди.
Мазкур танлов олий таълим тизимида талабалар ўртасида фаол креатив тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб қувватлаш ва ушбу жараёнда халқаро ҳамкорликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилаётгани аҳамиятлидир.
Танловнинг биринчи босқичи 2018 йилнинг октябрь ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказилган “INNOWEEK” инновацион ғоялар ҳафталигида очиб берилган эди. Шундан сўнг 3 ой давомида Лондон Метрополитен университети ва маҳаллий ОТМ вакиллари томонидан талабалар учун ғояларни шакллантириш ўқув тадбирлари (воркшоп) ўтказилди ва креатив тадбиркорлик тушунчалари кенг тарғиб қилинди.
Талабалар учун кўрик танлов ҳақида тўлиқ маълумот бериш мақсадида Британия Кенгаши мутахассис тренерлар ёрдамида бир нечта олий таълим муассасаларида 2018 ноябрь –2019 январь ойларида “Big Idea Challenge” тренингларини ташкил этиб келмоқда. “Big Idea Challenge” тренинги орқали 2019 йилнинг январь ойининг охиригача 14 та олий таълим муассасаларидаги 900га яқин талабини қамраб олинди. Жорий йилнинг 1 февралига қадар 230 нафар талабалар жамоалари томонидан ишланган лойиҳалар онлайн тарзда қабул қилинди ва шулардан 23 нафари 2-босқич учун танлаб олинди. 18-19 февраль кунлари бўлиб ўтадиган тадбирда ёш тадбиркорлар ўз лойиҳаларининг видео тақдимотларини тайёрлайдилар ва онлайн овоз бериш йўли орқали энг яхши лойиҳалар танлаб олинади.
Мазкур кўрик-танлов “Ижтимоий соҳада инновация” йўналишида янги инновацион ва бизнес ғояларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Танлов иштирокчилари яшаб турган ҳудуд (шаҳар, туман, қишлоқ, маҳалла)да жамиятга фойда келтирадиган инновацион лойиҳалар билан иштирок этишлари лозим, мамлакатимиз ҳудуди билан боғлиқ бўлган масалалар ва эҳтиёжларга ижтимоий, атроф-муҳит ҳамда жамиятга фойдали бўлган ғоялар орқали ўз ечимини топиш керак.
Ҳозирги кунда Лондон Метрополитен Университети томонидан ташкил этилган ушбу лойиҳа оммалашган бўлиб, стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлайдиган ягона дастур саналади.
Танлов дастурининг аҳамиятли томони шундаки, унда иштирок этиш ва бош мукофот олишдан ташқари ёшлар танловнинг ҳар бир босқичида ўқув тренингларида таълим оладилар. Шундай қилиб улар ўз бизнес ғояларини ривожлантириб, устидан ишлаш имонига эга бўлишади. Иштирокчилар бошқа мамлакат талабалари билан ҳамкорликда лойиҳаларда иштирок этиш йўли билан инновациялар ва тадбиркорликнинг халқаро амалиёти билан танишиб, инглиз тили билимини мустаҳкамлайдилар.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланган ягона ғолиб жамоа 2019 йил 9 май куни Лондонда бўлиб ўтадиган тақдирлаш маросимида онлайн равишда /ёки бир вакил томонидан иштирок этиш имкониятига эга бўлади, ҳамда 2019 йилнинг июль ойида Лондон Метрополитен Университетида бўлиб ўтадиган бир ҳафталик - “launch pad” тренингида иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги