Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қиличбозларимиз Марказий Осиёда тенгсиз
2019-02-18 | Спорт
Гимнастика бўйича Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабида Марказий Осиё қиличбозлик конфедерациясининг ўсмирлар ва кадетлар ўртасида I очиқ чемпионати ўтказилди.
Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Миллий ахборот агентлиги, Миллий телерадиокомпания ҳамда мамлакатимиз қиличбозлик федерацияси ҳамкорлигида илк маротаба ўтказилган мазкур мусобақада ҳамюртларимиздан ташқари қўшни Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан келган 150 нафардан ортиқ спортчи ғолиблик учун куч синашди.
Чемпионатда умидли қиличбозимиз Зайнаб Дайибекова қилич йўналишида кадетлар ва ўсмирлар ўртасида барча рақибларини енгиб, терма жамоамиз ҳисобига иккита олтин медални қўшиб қўйди.
Шамшир, қилич ва рапира йўналишларида ўтган беллашувларда ўсмирлар ўртасида Санжарбек Собиров, Аҳмадиллохон Солиҳожиев, Пазилбек Генжебоев, Жасмина Сувонова каби спортчиларимиз шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, кадетларимиздан Шерзод Мамутов, Илёс Молина, Шаҳзода Эгамбердиева, Лолита Зиёхўжаева ҳамда Маржона Усмонова олтин медаль билан тақдирланди.
Ўзбекистон терма жамоаси Марказий Осиё қиличбозлик конфедерациясининг ўсмирлар ва кадетлар ўртасидаги I очиқ чемпионатида 11 та олтин, 9 та кумуш ва 16 та бронза, жами 36 та медални қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Шунингдек, Туркманистон терма жамоаси ягона олтин медаль билан иккинчи, Қозоғистон вакиллари 2 та кумуш ва 7 та бронза билан умумжамоа ҳисобида учинчи бўлишди.
ЖавоҳирТошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА