Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қатардаги вазирликлараро маслаҳатлашувлар тўғрисида
2019-02-18 | Сиёсат
2019 йилнинг 17-18 февраль кунлари Доха шаҳрида Ўзбекистон-Қатар муносабатларининг шартнома-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва унинг инвентаризацияси бўйича икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.
Қатар Давлатининг делегациясига ТИВнинг Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик департаменти директори Холид ал-Ҳамар бошчилик қилди.
Музокаралар чоғида турли жабҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик ҳуқуқий асосларининг ҳозирги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди, Қатар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” бандларини амалга оширишнинг бориши ҳамда жорий йилда ўтказиладиган учрашувлар ва тадбирлар тўғрисида маълумот алмашилди.
Маслаҳатлашувлар доирасида Қатар вазирлик ва идоралари экспертлари билан алоҳида музокаралар ўтказилиб, инвестиция, транспорт, солиқ, божхона, қишлоқ хўжалиги ва маданият соҳаларидаги келишувларнинг лойиҳалари муҳокама қилинди.
Хусусан, авиаташувлар ва ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимларнинг лойиҳалари келишиб олинди.
Делегациялар, шунингдек, инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш ҳамда икки ёқлама солиққа тортишни бартараф этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимларнинг лойиҳаларини мувофиқлаштириш ва имзолашга тайёрлаш борасида ҳам келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги