Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент давлат стоматология институти иккинчи бор халқаро даражада тан олинди
2019-02-15 | Таълим
Тошкент давлат стоматология институти ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган А.И. Евдокимова номидаги Москва давлат тиббиёт ва стоматология университети томонидан Бутун Россия стоматолог талабалар олимпиадасида мунтазам иштирок этиб келади. Ушбу тадбир ҳар бир талабанинг ўқиш давомида олган билим ва кўникмаларини намойиш этиш имконини беради. Олимпиада кўламига кўра Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларини қамраб олгани эътиборга молик.
Жорий йилда ташкил этилган олимпиадада ҳам МДҲ давлатларининг 45 дан ортиқ олий ўқув юртлари талабалари иштирок этди. Эътиборга молик жиҳати, унда стоматологиянинг барча йўналишлари қамраб олинган. Олимпиада доирасида иштирокчилар учун семинарлар ташкил этилиб, тиш касалликлари профилактикаси, диагностикаси ва даволаш борасидаги янги технологиялар намойиш қилинади.
2017 йилда ўтказилган олимпиадада ҳам 50 га яқин олий ўқув юртлари орасида Тошкент давлат стоматология институти талабалари чемпион бўлишган эди. Бу сафар ҳам ўзбекистонлик талабалар билим ва маҳоратларини яхши намойиш этишди. Институтнинг 5-курс талабаси Сардор Хайтметов олимпиаданинг мутлақ ғолиби бўлган бўлса, Фаррух Мингбоев ва Бобуржон Ҳамидов иккинчи ўринга сазовор бўлишди.Шу тариқа Тошкент давлат стоматология институти ўтган уч йил ичида стоматология соҳасида мутахассисларни тайёрлашда иккинчи бор халқаро даражада тан олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги