Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Йорг Пуделька билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги дўстона муносабат янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Германиядаги турдош олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик ўрнатиш, кадрлар алмашиш борасида фикр алмашилди. Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган лойиҳаларга ҳам эътибор қаратилди.
Ёнғин хавфсизлиги институти бошлиғи полковник Н.Норматов мамлакатимизда мазкур тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, институт фаолияти, бу ерда таълим жараёни ва ўқитиш методикаси ҳақида сўзлаб берди.
Мамлакатимизда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини турли бахтсиз ҳодисалардан муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур ҳужжат асосида институт ўқитувчилари малакасини ошириш, ўқув жараёнига илғор педагогик технологияларни жорий этиш, халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш каби масалаларга устувор аҳамият қаратилган.
Йорг Пуделька Германияда ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги тажрибалар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистонда кейинги йилларда ёнғин хавфсизлиги хизмати тизими фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак халқаро эътирофга сазовор бўлаётганини таъкидлади.
Мулоқот сўнггида Германиядаги ёнғин хавфсизлиги тизимидаги таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари билан яқин ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Шерали Анваров,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги
Ёнғин хавфсизлиги институти
матбуот котиби
Манба: ЎзА