Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида 8 февраль куни “Ўзбекистон – Германия маданий-гуманитар ҳамкорлигининг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда тегишли вазирлик ва идоралар, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Конрад Адэнауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармаларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари К.Эшонxўжаев, Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Г.Оверфельд ва бошқалар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади.
– Ўзбекистон билан Германия ўртасида фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик узоқ йиллик тарихга эга, – деди Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд. – Кейинги пайтларда фан, маданият, олий таълим, умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, тил ўрганиш, маданий ёдгорликлар ва қадриятларни тиклаш каби йўналишларда икки томонлама алоқалар жадал ривожланмоқда.
Давра суҳбатида мактаб таълимида немис технологияларидан самарали фойдаланиш, жумладан, “Мактаблар: келажак шериклари” (PASCH) ташаббусини амалга ошириш, икки халқ ўртасида маданий алоқаларни кенгайтириш истиқболлари бўйича ҳам фикр алмашилди.
Бугунги кунда юртимизда 19 мингга яқин талаба немис тилини ўрганмоқда. Умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган немис тили ўқитувчилари 3 мингдан зиёд. 800 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба ва илмий тадқиқотчи Германия олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Илғор хориж тажрибасини ўрганиш, турли соҳадаги замонавий технологияларни Ўзбекистонда жорий этишни ўз ичига олувчи шу каби имкониятлар тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Германия академик алмашувлар хизмати, Тошкентдаги Гёте институти, Конрад Адэнауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармалар ваколатхоналари, Немис халқ университетлари ассоциациясининг халқаро ҳамкорлик бўйича институти ташкилотлари томонидан яратилмоқда.
Ўзбекистонда яшовчи немис миллатига мансуб фуқароларнинг “Видергебурт” маданият маркази, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилоятларидаги немис маданият марказлари ҳам маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мулоқотда томонлар Ўзбекистон – Германия маданий-гуманитар ҳамкорлиги истиқболлари бўйича ўз таклиф ва тавсияларини берди.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
Манба: ЎзА