Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказида қонун ҳужжатларининг жамиятимиз ҳаётидаги аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича “Адлия ахбороти” туркумида брифинг ташкил этилди.
Унда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги мутахассислари Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти хусусида маълумот берди.
Маълумки, охирги 5 йил давомида кўрилган чора-тадбирлар натижасида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 146-ўриндан 76-ўринга кўтарилди. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини ва тартибга солиш жараёнларини такомиллаштириш, қулай бизнес муҳитини ва халқаро майдонда мамлакатнинг ижобий нуфузини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилди.
– Бироқ бу борадаги ишлар самарадорлигини яхшилаш мақсадида соҳаларда ҳали яна кўплаб тизимли ишларни амалга ошириш зарур, – дейди Давлат хизматлари агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Адҳам Баротов. – Мазкур ҳужжатда қурилишга рухсатномалар олишда, мулкни рўйхатдан ўтказишда ва ташқи савдо операцияларини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган ортиқча бюрократик тартиб-таомиллар ҳанузгача сақланиб қолаётгани қайд этилган. Бундан ташқари, “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида мамлакатнинг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чоралар кўриш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, 2022 йилга келиб республиканинг 20-ўринга эришишини назарда тутувчи Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси рейтингини яхшилашнинг “Бизнес юритишни яхшилаш – 2022” мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Мазкур ҳужжатга кўра, 2019 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда банк ҳисоб рақамларини масофадан туриб очиши мумкин. Қурилиш органларига архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш функциялари ушбу кенгашларда фақат тарихий ҳудудлар, шу жумладан, маданий мерос ёдгорликларини қўриқлаш ҳудудлари, шунингдек, давлат объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш функцияларини сақлаб қолган ҳолда ўтказилади.
Тадбирда мутахассислар томонидан якунланаётган жорий ҳафта давомида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Мавзу юзасидан журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА
Манба: ЎзА