Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқаро ҳунармандчилик фестивалига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда

2019-02-11 | Маданият

Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида“ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан ҳар икки йилда бир марта Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилади.

Жорий йилда биринчи марта ташкил этиладиган ушбу халқаро фестивалга Қўқон шаҳрида қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Кўча ва хиёбонлар ободонлаштирилиб, меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва сервис мажмуалари, турли иншоотлар қад ростламоқда.
Халқимизнинг қадимий тарихи ва маданий ҳаётини ҳар томонлама кенг ёритиш, номоддий маданий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган миллий ҳунармандчилигимизни кенг намойиш этиш, унинг ноёб намуналарини тарғиб қилишда илк бор ўтказилаётган мазкур фестивалнинг аҳамияти беқиёс. Шунинг учун ҳам ушбу тадбирни юқори савияда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда ўзига хос ҳунармандчилик тарихи, мактаби ва услублари мавжуд. Айниқса, Қўқон азалдан маданият ва маърифат, санъат ва ҳунармандчилик маркази бўлиб келган. Айни кунларда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳўқанди латифда Худоёрхон ўрдаси, Жоме масжиди, Норбўтабий ва Соҳибзода Ҳазрат мадрасалари, Модарихон даҳмаси ва Даҳмаи Шоҳон каби 62 та маданий мерос объекти бўлиб, уларда ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Фестивалга тайёргарлик ишлари жараёнида ҳар бир маданий мерос объекти бўйича турли тилларда буклетлар тайёрлаш, ташриф буюрувчиларга юқори даражада хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 декабрдаги “Моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Қўқон” давлат музей-қўриқхонаси ташкил этилаётгани, айниқса, қувонарли воқеадир.
Шаҳарда жорий йил август ойига қадар 10 та янги меҳмонхона фойдаланишга топширилади, 5 меҳмонхона капитал реконструкциядан чиқарилади.

“Ҳунарманд” уюшмаси Фарғона вилояти бошқармаси масъул ходими Х.Ҳамроқуловнинг таъкидлашича, шаҳардаги Усмон Носир ва Навбаҳор кўчалари кесишмасида “Ҳунармандчилик савдо маркази” ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Ушбу ҳудудда 65 та ҳунармандга танлов асосида ер майдони бўлиб берилади ва ҳунармандлар устахонаси ва бозори ташкил этилади. “Ҳунарманд” уюшмаси Қўқон шаҳар бўлими аъзолари сони бугун 300 нафардан ошди.

Ёғоч ўймакорлиги ўта синчковлик, маҳорат талаб этадиган санъатдир. Қўқон ёғоч ўймакорлиги мактабининг асосчиси Қодиржон Ҳайдаров ҳисобланади. Устанинг бетакрор асарлари Ўзбекистон давлат санъат музейи, Фарғона вилояти ва Қўқон маданият тарихи давлат музейларида сақланмоқда. Устанинг шогирдлари ушбу нафис ва мураккаб санъат ривожига катта ҳисса қўшган. Булар сирасига устанинг набиралари Мирзаусмон, Мирзаюнус ва Ҳасанжон Умаровлар, шогирдлари – Ўзбекистон Қаҳрамони Абдуғани Абдуллаев, Мансур Жалолов, Набихон Хушназаров, Бурҳон Абдуллаев, Рафиқ Маҳмудов кабиларни киритиш мумкин. Бугунги кунда устанинг еттинчи авлодидан бўлган Абдулҳаким, Абдулазиз ва Абдураҳмон Умаровлар ушбу шарафли касбни давом эттирмоқдалар.

Ёғоч ўймакорлиги устаси Отабек Умаров таниқли ҳунарманд Қодиржон Ҳайдаровнинг эвараси бўлиб, фестиваль ўтадиган Ўрдаолди мажмуасида барпо этиш режалаштирилган рамзий кириш дарвозалари учун нақшинкор устунлар тайёрламоқда.
– Мазкур дарвозалар ташриф буюрувчиларга шаҳримиз ҳунармандчилиги ҳақида дастлабки маълумот беради, – дейди О.Умаров. – Отам Мирзаюнус Умаров, оға-иниларим Жаҳонгир ва Жамшид Умаровлар билан ҳозир баландлиги 3,5 метр бўлган иккита нақшинкор устун тайёрлаб қўйдик. Яна устунлар тайёрлаш устида ишлаяпмиз. Бу фестивалга бизнинг туҳфамиз бўлади.

Фестивалда хорижий давлатлардан ҳам маҳоратли ҳунармандлар, амалий санъат усталари, мутахассислар, олимлар ва фахрий меҳмонлар иштирок этади. Фестиваль ўтказиладиган Ўрдаолди майдонининг ён-атрофида ҳунармандчилик санъатига оид турли кўргазмалар уюштирилиб, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари ҳамда маҳсулот яратиш жараёни акс этган, шунингдек, соҳага оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиш қилиниши режалаштирилган. Миллий либосларда кўргазмали чиқишлар, аския ва қизиқчилар, фольклор ва дорбозлик жамоаларининг томоша дастурлари байрам шукуҳини янада оширади.

 

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться