Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича ўтказилган музокараларнинг биринчи раунди тўғрисида
2019-02-08 | Сиёсат
2019 йилнинг 4-7 февраль кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) бўйича музокараларнинг биринчи раунди бўлиб ўтди.
Томонларнинг нуфузли делегацияларига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов ва Европа ташқи фаолият хизматининг бошқарувчи директори ўринбосари Люк Девин бошчилик қилдилар.
Битим лойиҳаси тузилмаси бўйича бир хил тушунчага келинди ва учта гуруҳга бўлиниб, ҳужжат лойиҳасининг барча бўлимлари батафсил ва конструктив равишда муҳокама қилинди ва мумкин бўлган ўзаро мақбул қоидалар белгиланди.
Ўзаро келишувга кўра, Битим лойиҳасининг савдо қисми бўйича экспертлар учрашувлари Ўзбекистоннинг тегишли вазирликлари вакиллари иштирокида ҳафтанинг охирига қадар давом этади.
КШҲБ бўйича музокараларнинг иккинчи раундини Брюссель шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.
Европа делегациясининг Тошкент шаҳрида бўлиши чоғида “Бош преференциялар тизими плюс” («БПТ+») мақомини олишга Ўзбекистон талабномасини тайёрлаш бўйича маслаҳатлашувлар, «БПТ+» мақомини олишнинг устунликлари билан таништириш мақсадида мамлакатимиз ишбилармон доиралари вакиллари учун брифинг ҳам бўлиб ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги