Адлия вазирлиги “Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастури лойиҳасини ишлаб чиқди. Айни пайтда вазирлик веб-сайтида жойлаштирилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган мазкур дастур тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга янада катта эътибор қаратилаётгани ифодасидир.
Дастур орқали вазирлик фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим бўлган ахборотлар бериш кўзда тутилган. Аҳолининг ҳуқуқий маълумотларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳани амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳам ишлаб чиқилган.
Режа тўрт йўналишдан иборат бўлиб, унда амалга ошириладиган тадбирлар, ижро этилиш муддатлари ҳамда ижро учун масъуллар шунингдек, кутилаётган натижа қамраб олинган.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ҳуқуқ ижодкорлиги, шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, вазирлик тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, кадрлар захирасини шакллантириш, вазирликка юклатилган бошқа вазифа ва функцияларнинг бажарилишини ташкиллаштиришда шаффофликни таъминлаш шулар жумласидандир.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўналиши бўйича бир йилда камида икки маротаба Адлия вазирлиги марказий аппаратида, Давлат хизматлари агентлигида (марказларда), адлия органлари ва муассасаларида “Очиқ эшиклар куни” тадбирларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Бу тадбирларни амалга оширилишидан аҳолини адлия органлари ва муассасалари фаолияти билан бевосита таништириш имкониятини яратиш, шунингдек, фуқаролар Адлия вазирлигининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни ва роли билан танишиб боришини йўлга қўйиш каби натижалар кутилмоқда.
Бундан ташқари, вазирлик томонидан regulations.gov.uz веб-сайтида оммавий муҳокама учун жойлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига берилган таклифларга вазирлик номидан изоҳ қолдириш шаклида муносабат билдириб бориш амалиётини жорий этиш тадбирлари доимий равишда амалга оширилади. Натижада аҳолининг асоссиз норозиликларининг олди олинади, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалишига кўмаклашилади.
Муаттар Рўзибоева, ЎзА
Манба: ЎзА