Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳсулот сифати – экспортнинг муҳим шарти
2019-02-05 | Жамият
Наманганда мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги махсулотларини экспорт қилишда “Global GAP”, “Halal” ва “Organic” стандартларини жорий этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
“Ўзстандарт” агентлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорлар, ишлаб чиқариш корхоналари, фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, хусусан, соҳага энг илғор инновацион технологияларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар юқори ҳосилдорликка эришиш, сувни тежаш ва бошқа сарф-харажатларни қисқартишга хизмат қилаётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда.
– Зиммамизга “Global GAP” халқаро стандартини жорий этиш бўйича муҳим вазифалар юклатилган, – дейди Наманган синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси директори М.Абдуллаев. – Семинарда мутахассис, фермер ва тадбиркорларга халқаро стандартларни амалга ошириш механизми, қонун-қоидалари бўйича батафсил маълумот берилди.
Стандартларни жорий этишдаги муаммолар ва уларнинг ечими, экспортбоп сабзавот ва полиз экинлари уруғлигини етказиб берувчи хорижий компаниялар ва уларнинг Ўзбекистондаги ваколатли корхона-ташкилотлари ҳақида маърузалар тингланди.
Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА