Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
UNMCSR-SNC вакиллари “Ипак йўли” туризм халқаро университетига ташриф буюришди
2019-02-04 | Таълим
“Ипак йўли” туризм халқаро университетига United Nations Maritime and Continental Silk Road Cities Alliance Smart City and New Industry Committee (UNMCSR-SNC) ташкилоти бош котиби жаноб Цзянбо Ву бошчилигида Хитой делегацияси ташриф буюрди.
Учрашув давомида ўзаро ҳамкорлик бўйича икки томонлама меморандум имзоланди. Ишчи ташриф дастури ўз ичига Хитой ОТМлари билан ҳамкорлик масалалари истиқболлари муҳокамаси ва дўстона муносабатларни қуриш, илмий ва таълим фаолиятини ривожлантириш мақсадида келишув тузилишини ўз ичига олди.
Мазкур ҳужжат фан ва таълим соҳасида “Бир макон, бир йўл” Хитой ҳукумати миқёсли ташаббусини амалга ошириш доирасида ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида тузилган.
Меморандумда унинг иштирокчилари ўртасида ўзаро икки томонлама диплом дастури ҳамда ҳамкорликда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-тадқиқот дастурлари ва ўзаро тадқиқот лойиҳалари ташкиллаштириш, профессор-ўқитувчилар таркиби ва бакалаврлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик дастурларини ривожлантириш, академик алмашинувга йўл очилиши назарда тутилади.
Учрашувда Хитой делегацияси “Ипак йўли” туризм халқаро университети асосида Ўзбекистонга тарих, маданият, санъат ва архитектурани ўрганиш учун бир миллионга яқин хитой талабалари ва ўқувчиларини жўнатишдан манфаатдор эканини таъкидлашди.
“Хитойда ҳамма ҳам Ўзбекистон Буюк Ипак йўли марказида жойлашганини билавермайди, шу сабабли биз, имкон қадар кўпроқ хитойликлар мамлакатингиз тарихи ва унинг нақадар бойлигини билишларини истардик, шу сабабли ҳам лойиҳамиз маркази сифатида Ўзбекистонни танлаганмиз”, дейди Хайнан университети вакили Ли Дзин.
Келгусида, университет қошида Хитой тили маркази ҳамда хитой тилида сўзлашувчи гид-экскурсоводларни тайёрлаш маркази очилиши режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги