Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Улар эҳтиромга лойиқ

2019-02-01 | Жамият

Мамлакатимизда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 январдаги фармойиши билан Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганининг 25 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Бу вақт давомида Ўзбекистонда Афғон урушида қатнашган жангчи-фахрийлар ва уруш ногиронларидаги жароҳатлар билан боғлиқ руҳий ўзгаришларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. Уларни ишга жойлаштириш, уй-жой муаммосини ҳал қилиш билан боғлиқ мақсадли дастурлар амалга оширилди. Бунда Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмасининг ҳиссаси катта.

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси байрамига бағишланган тантанали тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Бу тадбирларда иштирок этиш учун Россия Федерацияси, МДҲ давлатларидан меҳмонлар келган.

Бугун эрта тонгдан жангчи-фахрийлар, меҳмонлар, жамоат ташкилотлари вакиллари пойтахтимиздаги Мустақиллик ва эзгулик монументи ҳамда Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйди. Ватан ҳимоясида ҳалок бўлганлар хотира китобининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Хотира китобига Афғон урушида ҳалок бўлган 1 минг 500 дан зиёд юртдошимизнинг номи битилган. Таъкидланишича, тез орада Ўзбекистон Республикаси Конституцион тузими ва мустақиллигини ҳимоялашда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг исмлари ҳам ушбу хотира китобидан жой олади.

– 1984-1986 йиллари Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятида ҳарбий хизматни ўтадим, – дейди Наманган вилояти Уйчи туманидан келган фахрий Абдураҳим Обидов. – Хизмат давомида уйчилик ўн икки нафар сафдошимиздан айрилдик. Ундан сўнг энг яқин дўстим, самарқандлик Даврон Бобомуродов ҳалок бўлди. Бугун уларнинг номини хотира китобидан ўқиб, кўзимдан ёш чиқиб кетди. Икки йиллик ҳарбий хизматнинг ҳар сонияси хотирамда жонланди. Марҳум дўстларимизнинг пок номига қилинган ҳурматдан бошимиз кўкка етди. Уларнинг оила аъзолари номидан давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз.

– Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганининг 25 йиллик байрамида қатнашаётганимдан жуда хурсандман, – дейди Қирғизистон Республикасининг Афғон ветеранлари бирлашма раиси ўринбосари Мухтор Тўхтаохунов. – Бизни юртингизда илиқ кутиб олишди. Неча йиллик қадрдонларимиз билан кўришдик. Ўзбекистонда Афғон уруши қатнашчиларига, уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган ғамхўрлик таҳсинга лойиқ. Афғон тупроғида ҳалок бўлганларнинг номи хотира китобига ҳам муҳрланибди. Биз сафдошларимиз хотирасини яна бир бор ёд этдик. 

Тадбир доирасида жангчи-фахрийлар яратган буюмлар кўргазмаси ҳамда “Туркистон” санъат саройида концерт бўлиб ўтди.

Тадбирда жангчи-фахрийларга “Меҳнат фахрийси“ кўкрак нишонлари топширилди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов жангчи-фахрийларга, меҳмонларга қимматбаҳо Президент совғаларини тақдим этди. МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши ҳузуридаги Жангчи-байналмилалчилар ишлари бўйича қўмита ўзбекистонлик Афғон уруши қатнашчиларини тақдирлади.

Таниқли хонандалар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

 

Хуршид Қодиров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться